КАМЕР МУСИҚА

КАМЕР МУСИҚА (лот. camera — хона) — катта бўлмаган хонада тор доирадаги тингловчиларга ижро этиш учун мўлжалланган мусиқа асарлари. Филармония зали, театр биноси каби махсус жойларда ижро этиладиган симфоник, концерт, опера ва балет жанрларидан фарқ қилади. Камер мусиқа якка ижрочи ёки камер ансамбль (дуэт, трио, квартет ва б.) учун ёзилган соната, сюита, миниатюра, романс каби намуналардан иборат; унда нозик ифодавий воситалар, лирик ҳамда чуқур психологик ҳолатлар асосий ўрин тутади. «Камер мусиқа» атамаси дастлаб 16—17а. ларда Италияда черков мусиқасидан фарқлаш учун дунёвий вокал ва чолғу мусиқасига нисбатан қўлланилган. 19-а. га келиб Камер мусиқа концерт залларида ҳам ижро этила бошлади. 19—20-а. ларда кўп мамлакатларнинг композиторлари ижодида Камер мусиқа жанр ва шакллари ривожланди. Ўзбекистон композиторлари Г. Мушель, М. Бурҳонов, С. Юдаков, Б. Гиенко, Ик. Акбаров, С. Жалил, Ф. Янов Яновский, Т. Қурбонов ва б. турли Камер мусиқа асарлари яратишган.