КАМОН, к а мал ак, ей, ўқ-ёй — мезолит даврида (мил. ав. 10—5 минг йиллик) ибтидоий овчилар томонидан ихтиро қилиниб, 17-а. гача баъзи жойларда 20-а. гача қўлланилган ов ва жанг қуроли. Ҳамма халқ ва қабилаларда (Австралия ва Микронезиядан ташқари) қўлланилган. Камоннинг ихтиро қилиниши кишилик тарихида улкан ютуқ бўлган. У ибтидоий одамларнинг парранда ва даррандаларни овлашда жуда қўл келган. Камон аслини олганда инсон томонидан ихтиро этилган биринчи механизм эди. Камон енгиллиги, қулайлиги, мўлжалга бехато уриши ҳамда тез отиши жиҳатидан ўзидан олдин ишлатиб келинган итқитиладиган дискдан устун турган. Камоннинг кенг тарқалиши ибтидоий овчиликнинг янада тараққий этишига имкон берди, овчиларнинг кундалик меҳнатини енгиллаштирди, уларга озми-кўпми озиқ-овқатни ғамлаб олишларига имкон туғдирди.
Камон 2 қисмдан иборат: эгма чўп; тиркаш. Камоннинг эгма чўпи сариқ тол, самбит, ёввойи жийда ва жинғил шохидан ясалиб, унинг икки учига баъзан суяк ёки қимматли металл қопланган. Камоннинг тиркаши, асосан, пайдан қилинган.
Камоннинг 2 хили мавжуд: оддий Камон ; мураккаб К. Оддий Камон ярим дойра шаклида. Мураккаб Камон эса ёйилган қўш қанот шаклида. Мураккаб Камон асрлар давомида такомиллашиб борган. Асосан, Шарқ халқлари қўллаган. Мураккаб Камон Ўрта Осиё халкларига мил. ав. 1-минг йилликдан маълўм. У Ўрта Осиё халқлари ҳарбий техникасида сўнгги ўрта асрларга қадар энг муҳим жанговар қурол вазифасини бажариб келган. Хуннулар даврида (мил. ав. 3-а.) туркий қавмлар Камон ўқини отганда ҳуштак товушини эслатувчи янги турини ихтиро этишган; ҳуннулар салтанатини вужудга келишида унинг роли катта бўлган. Манбаларга кўра, ўрта асрларда Камон ўқи 500—600 м. дан зиёд масофага етган. Қадимдан ҳозиргача Камондан ўқ отиш спортнинг муҳим турларидан бири бўлиб мусобақалар уюштирилади. Мусобақаларда Камон ўқи 900 м гача масофага борган.