КАМПИРҚУРСОҚ (Tortula desertoram) — кампирқурсоқлар туркумига мансуб йўсин. Бўйи 1 — 1,5 см. Ўрта Осиё чўлларида, кўпинча, боялич ва жузғун каби буталар тагида, қум тепаликларнинг шим. ён бағирларида ёки текисликларда ўсади. Кампирқурсоқ яхши ўрганилмаган. Қишнинг илиқ кунларида ва эрта баҳорда ёмғирдан сўнг ям-яшил бўлиб ўсиб чиқади. Ёғингарчилик тугаб, кунлар исий бошлаши билан қора-қўнғир тусга кириб, келгуси мавсумгача ётади. Кампирқурсоқ жуда зич ўсиб тупроқда алоҳида қатламлар ҳосил қилади. Кампирқурсоқ пайдо бўлган майдонларда ўтлар (илоқ, ялтирбош ва б.) камайиб кетади. Ўтлокларнинг ҳосилдорлиги камайиб кетмаслиги учун Кампирқурсоқ қопламларини йўқотиш зарур.