КАНАКУНЖУТ

КАНАКУНЖУТ (Ricinus) – сутламадошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик, асосан, мой олиш учун экиладиган экин. Канакунжутнинг 3 тури учрайди: майда уруғли Канакунжут — Ricinus microcarpus G. Pop. ; йирик уруғли Канакунжут — Ricinus macrocarpus G. Pop. ; Занзибар канакунжути [Ricinus zanzibarinus G. Pop (R. communis)]. Мисрда мил. ав. 2-минг йилликдан бошлаб экилган. Ватани — Шим.-Шарқий Африка. Жаҳондаги кўпгина мамлакатлар деҳқончилигида икки, уч йиллик ёки бир йиллик экин тарзида ўстирилади. Ўзбекистоннинг суғориладиган минтақаларида бир йиллик экин. Канакунжут экилган майдонлар жаҳон бўйича 1280 минг га, ўртача ҳосилдорлик 10,49 ц/га ни ташкил қилади (1999). Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида ҳосилдорлиги 20—25 ц/га.

Канакунжутнинг ўқ илдизи тупроққа 2—4 м гача кириб боради. Пояси ўтсимон, ичи ковак, тик ўсади. Баландлиги ўз ватанида (тропик минтақаларда) 6—10 м гача, Ўзбекистонда 2—3 м. Пояси шохланади. Рангли барглари йирик, қалқонсимон, узун бандли (25—60 см), бўлакларга бўлинган. Гули майда, яшил, гултўплами шингил, шакли понасимон, 5 та гултожибаргдан иборат. Гул тўплами учки қисмида урғочи гуллари, пастки қисмида эркак гуллари жойлашади. Тўпгули уз. 10—30 см, баъзан 70 см га боради. Меваси — уч уяли кўсакча. Айрим пояларда кўсакчалар етилганда чатнайди. Уруғи — тухумсимон, йирик, 1000 та уруғи вазни 150 — 500 г, таркибида 40—57% мой мавжуд. Канакунжут иссиқсевар, ёруғсевар, намсевар ўсимлик, унумдор ерларда яхши ўсади. Ўсиш даври 120—150 кун. Мойи қуримайдиган (йод сони 82—86) гуруҳига киради. (—10° дан —18° да қотади), табобатда (К. мойи-касторка), парфюмерияда, лок-бўёқ саноатида, совун тайёрлашда,тери ва тўқимачилик саноатларида ишлатилади. Кунжараси заҳарли (рицинин алкалоиди бор), ўғит ҳамда елим и. ч. да ишлатилади. Канакунжут кузги дон, дуккакли дон, маккажўхори экинларидан бўшаган ерларга экилади.

Ад.: Отабоева Ҳ. Н. ва б., Ўсимликшунослик, Т., 2000.

Ҳалима Отабоева.