КАНАТ (рус. — арқон) — пўлат сим ёки ўсимлик толалари, минерал ёки синтетик иплардан эшилиб тайёрланадиган эгилувчан буюм. Тайёрланиш усулига кўра, Канат пишитилган, пишитилмаган ва ўрилган турларга бўлинади. Пўлат Канат, одатда, 0,3—0,4 мм диаметрли пишиқ симлардан думалоқ ва шаклдор қилиб тайёрланади Эшилган думалоқ Канат 1 ўримли (спирал), 2 ўримли (тросли) ва 3 ўримли (кабельтли) бўлади. Канат қайишқоқ ва чидамли бўлиши учун ўртасига толали (табиий ёки синтетик ип) ёки металл ўзак эшилади. Эшилган тутамда симларнинг нуқтавий, чизиқли ёки аралаш тегадиган, шунингдек, бир томонга пишитиладиган, ярми чапга, ярми ўнгга пишитиладиган Канат турлари бўлади. Пишитилмаган Канат пўлат симлар ёки спирал Канатлар тутамидан иборат бўлиб, устидан сим билан ўралади, ё бўлмаса қисқич билан қисилади. Металлмас Канат табиий (пахта, жут, асбест) ёки синтетик (капрон, нейлон, перлон ва б.) толалардан тайёрланади.