КАНАТ ЙЎЛ

КАНАТ ЙЎЛ — таянчлар орасига тортилган пўлат канатларда ҳаракатланадиган вагонетка, ўриндиқ (кресло) ёки кабиналарда юк ва одамларни ташишга мўлжалланган осма иншоот. Тоғли, ўтиш қийин бўлган жойларга, дарё, кўллар устига, автомобиль йўллари ёки т. й. ларни энг қисқа масофада ўтказиш керак бўлган жойларга, шунингдек, транспорт ҳаракати тиғиз шаҳарларга қурилади. Вазифасига кўра, юк, одам, аралаш (ҳам юк, ҳам одам) ташийдиган; тузилишига кўра — 1, 2 канатли, узлуксиз ҳаракатланадиган ва маятникли хилларга бўлинади. Юк ташиш Канат йўли 2 канатли ёки узлуксиз ҳаракатланадиган қилиб қурилади. 2 канатли йўлда вагонетка аравачаси тортувчи канат ёрдамида кўтарувчи канатда ҳаракатланади. Юк ортиш ва тушириш ст-ялари орасига ҳар 100—150 м да тиргаклар ўрнатилади, тортувчи канатни чиғир (лебёдка) ҳаракатлантиради. Унда соатига 450 т гача юк ташиш мумкин, вагонеткаларнинг тезлиги 1 — 10 м/с. Канатли кўтаргич деб аталадиган Канат йўл ҳам бор. Бундай иншоотлардан юкли автомобилларни тик жойлардан ўтказиб қўйиш учун фойдаланилади. Одам ташийдиган Канат йўлда соатига 1800 тагача одам ташиш мумкин, вагонеткаларнинг тезлиги 1,5—11 м/с. К. й. дан бир йўла одамлар ва юкни ташишда ҳам фойдаланиш мумкин. Урмон хўжалиги ва кончиликда бундай Канат йўллар, айниқса, самарали. Одамлар чиқариб ва тушириб кетиладиган бир канатли (одатда, ҳалқасимон) Канат йўл ҳам бор, Бунда канатга бир ёки икки ўринли кабина маҳкамлаб қўйилади. Бундай йўллар тоғли курорт жойларда қўл келади. Шатакка олиб юрадиган бир канатли йўллар ҳам бор. Mac, чанғичи чанғида турган ҳолда пружиналанувчи осмага таяниб олади. Канат йўл Ўзбекистон, Кавказ, Қрим ва Европанинг кўп мамлакатларида мавжуд.

Loading...