КАНТАТА (лот. cantare — куйламоқ) — яккахон хонандалар, хор ва оркестрга мўлжалланган мусиқа асари. Шаклан ораторияга яқин, лекин ҳажми кичиклиги, мазмунида драматик ривожи йўқ (ёки суст)лиги билан фарқ қилади. Одатда, оркестр муқаддимаси, бир нечта ария, речитатив ҳамда хор қўшиқларидан иборат бўлади. 17-а. да Италияда ривож топди (Г. Кариссими, А. Страделла, А. Скарлатти ва б.). 18-а. бошида Германияда диний Кантата юзага келди (Г. Ф. Телеман, И. С. Бах). Кейинчалик дунёвий ва диний Кантаталар бошқа мамлакатларга тарқалиб, мазмунан ва шаклан бойиди. Францияда Л. Керубини, Ф. Ж. Госсек, Г. Берлиоз, Германияда Ф. Шуберт, И. Брамс, П. Хиндемит, Россияда Н. Римский-Корсаков, С. Танеев, С. Рахманинов, С. Прокофьевлар Кантатанинг ёрқин намуналарини яратишди. Ўзбекистон композиторлари ҳам шаклан ва мазмунан ранг-баранг Кантаталар яратишган: С. Юдаков, «Мирзачўл», «Муборакбод»; С. Бобоев, «Ҳосил байрами»; М. Левиев, «Оқ олтин»; О. Ҳалимов, «Қорақалпоғистон» ва б.