КАОЛИН

КАОЛИН (Хитойнинг Цзянси провинциясидаги жой номидан) — оқ рангли гил, асосан, каолинитцан ташкил топган. Вулканизм билан боғлиқ бўлган гранит, гнейс, сланец ва б. таркибида дала шпатлари бўлган тоғ жинсларининг нурашидан ёки гидротермал ўзгаришидан ҳосил бўлади (бирламчи Каолин). Кварц ва б. ўзгармаган минераллар билан аралашган ҳолда учрайди. Бирламчи Каолин ювилиб, турғун сув қавзаларида қум орасида майин дисперс гил чўкиндиларидан иборат қатлам, линза шаклларини ҳосил қилса, ундаги Каолин иккиламчи Каолин дейилади. Ер юзасига яқин ётувчи Каолин очиқ усулда қазиб олинади, кейин бойитилади. Каолин қоғоз, чинни, фаянс, кимё, резина саноатида, ўтга чидамли буюмлар ва изоляторлар тайёрлашда ишлатилади. Каолиннинг жаҳондаги ресурслари 20 млрд. т чамасида, шунинг ярмига яқини АҚШда. Каолин конлари Украина, Кавказ, Уралда, Узбекистонда Оҳангарон, Сувқайтди, Қарноб, Қувасой, Овминзатоғ, Олтинтоғда бор.

Loading...