КАПИТАЛИЗМ

КАПИТАЛИЗМ — хусусий мулк, бозор иқтисодиёти ва демократик интларга асосланган жамият тури. Ижтимоий тафаккурнинг турли оқимларида Капитализм — эркин тадбиркорлик тизими, индустриал жамият тараққиётининг босқичи, Капитализмнинг ҳоз. даври эса — «аралаш иқтисодиёт», «постиндустриал жамият», «ахборот жамияти» ва б. сифатида таърифланади. Марксизмда Капитализм — и. ч. воситаларига хусусий мулкчиликка ва ёлланма меҳнатнинг капитал томонидан эксплуатация қилинишига асосланган ижтимоий-иқтисодий формация, деб талқин этилади.

Капитализм 14—15-а. ларда Италия (савдо) ва Голландия (мануфактура) шаҳарларида юзага келиб, 16-а. дан бошлаб Европада дастлабки сармоя (капитал) жамғариш деб аталмиш жараён натижасида қарор топди. Саноат соҳасидаги кескин ўзгаришлар самараси ўлароқ йирик, машиналашган и. ч. ташкил топган эди. Капитализм шароитида бозор рақобати механизми (қ. Рақобат) тадбиркорни фойда олиш учун сармояни доимо кўпайтириб бориш ва и. ч. ни такомиллаштиришга ундайди. Бу эса ишлаб чиқарувчи кучлар, фан ва техниканинг тез суръатлар билан ривожланишига имкон беради. 19-а. охири ва 20-а. бошида Ғарбдаги ривожланган мамлакатларда йирик саноат ва банк корпорациялари ташкил топади, молия капитали муҳим аҳамият касб эта бошлайди, бозор рақобатига иқтисодиётни давлат томонидан бошқариш механизми ҳам қўшилади. Барқарор ижтимоий тизим таркиб топади, унда йирик мулкдорлар ва ёлланма меҳнат билан машғул ходимлар қаторида ўрта мулкдорлар синфи ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Капитализмнинг ҳоз. шаклларига қисқа муддатли (даврийликка ва инфляцияга қарши) ва узоқ муддатли (макроиқтисодиёт) давлат бошқариб туриши киради. Бу бевосита (қонунлар ва маъмурий ҳужжатлар орқали) ва билвосита (солиқлар, давлат бюджети харажатлари, амортизация сиёсати орқали) бошқариш шаклларида амалга оширилади. Бундан ташқари, индикатив, тавсия бериш тусидаги тармоқ ва минтақавий дастурлар (режалар) ҳам Капитализмнинг ҳоз. шаклига киради. Кўпгина мамлакатларда аста-секин қарор топган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ҳамда парламент демократияси 20-а. нинг 2-ярмида аҳоли турмуш даражаси ва маданиятининг юксалишини, ижтимоий зиддиятларнинг юмшашини ҳамда уларни ҳал этишнинг ҳуқуқий механизми ишлаб чиқилишини таъминлади. Хўжалик ҳаёти байналмилаллашув даражасининг ўсиши, транснационал (давлатлараро) корпорацияларнинг кучайиши б-н минтақавий ва жаҳон иқтисодий интеграцияси, иқтисодиётни давлатлараро бошқариб туриш ривожланмоқда. Бу ҳол Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Халқаро валюта фонди, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Европа Иттифоқи каби махсус ташки-лотлар пайдо бўлишида ўз ифодасини топди.

Loading...