КАРАНТИН

КАРАНТИН (итал. quarantena — қирқ кун) , карантинлаш — 1) тиббиётда — ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишини чеклашга каратилган эпидемияга қарши маъмурий ва санитария тадбирлари мажмуи. Карантин маълум ҳудудни касаллик таркатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда касалликнинг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалиб кетишига йўл қўймасликка қаратилган профилактик тадбир ҳисобланади. Шу мақсадда Карантин эълон қилинган жойда аҳоли орасида ҳамма турдаги алоқа, борди-келди кескин чекланади. Карантин эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссия томонидан эълон қилинади ва «Халқаро тиббий-санитария қоидалари» (конвенция) асосида амалга оширилади. Бу ҳужжат дастлаб 1951 й. Парижда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг 4-сессиясида қабул қилинган. 1973 ва 1981 й. ларда бу ҳужжатга ЖССТнинг 26 ва 34-сессияларида қўшимчалар киритилган.

Карантин биринчи марта 14-а. да Италияда қўлланилган. Шунда ўлат тарқалган юртдан келган кема 40 кунгача қирғоққа яқинлаштирилмасдан денгизда ушлаб турилган. Дастлаб Карантин жуда кўп касалликларда қилинар, ҳатто, унчалик хавфли бўлмаган қизилча (скарлатина) касаллигида ҳам бемор 40 кун алоҳида хонада ушлаб туриларди. Ҳоз. Карантин ўта хавфли юқумли касалликлар: тоун (ўлат), сариқ иситма; кана ва чивин орқали тарқаладиган вирусли геморрагик иситмалар: Марбург, Эбол ва Лаас иситмалари, Денге, Чикугунья, Рифт водийси, Ғарбий Нил иситмаси ва энцефалит касаллигида эълон қилинади. «Халқаро тиббий-санитария қоидалари»га асосан, Карантин аэропорт ва денгиз портларида ҳамда автомобиль йўлларида жойлашган санитария — карантин пунктлари ходимлари томонидан амалга оширилади. Бунда Карантин касаллик тарқалган ўчокдан келган транспорт воситаси, экипаж аъзолари ва йўловчилар саломатлиги текширилади, зарурат бўлганида уларнинг бадани кўздан кечирилади. «Денгиз санитария декларацияси» ва «Самолёт декларацияси»нинг санитария қисмини, шунингдек, дератизация (кемирувчиларга қарши тадбирлар) ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома, транспорт воситаси ичида кемирувчилар бор-йўқлигини аниқлаш ушбу хизмат ходимларининг вазифаси ҳисобланади. Зарурат бўлганида дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирлари амалга оширилади.

Бемор билан мулоқотда бўлганлар юқумли касалликлар шифохоналари ва изоляторларда алоҳидаланиб, касалликнинг яширин даври ўтгунча, мас, ўлатда 6 кунгача тиббий кузатув остида бўлади. Бу даврда маълум профилактик даволаш курси белгиланади.

2)Ўсимликлар ҳимоясида — мамлакат ҳудудига қ. х. экинларининг жуда хавфли зараркунандалари, касаллик қўзғатувчилари ва бегона ўтларнинг кириб келишидан ҳимоя қилиш ва зарарланиш ўчоқларини аниқлаш, иҳоталаш ва йўқотишга қаратилган давлат чоратадбирлари тизими. Ҳисоб-китобларга қараганда ўсимлик зараркунандалари ва касалликлари жаҳон бўйича озиқовқат экинлари потенциал ҳосилининг 20—25% ни йўқ қилади. Мамлакатлараро савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши даражасига қараб бир мамлакатда учрамайдиган зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлар турларининг бошқасига кириб келиши хавфи ортиб боради. Мас, уруғлик ва кўчатлар, қ. х. хом ашёси ва б. йўллар билан Америкадан Европага филлоксера (ток бити), қизилқон бит, кўпгина червецлар, Колорадо картошка қўнғизи, картошка фитофтораси, зарпечак, амброзия каби бегона ўтлар келиб қолган, ўз навбатида, Европа ва б. мамлакатлардан Америкага гессен пашшаси, япон қўнғизи, дон қўнғизи, цитрус мевалар раки ва б. тарқалган.

Ўсимликлар Карантин бўйича биринчи қонун Францияда ғалла экинлари поя занги эпифитотияси муносабати билан қабул қилинган (1660). АҚШда филлиоксерага қарши кураш зарурати туфайли 1881 й. да биринчи қонун кучга кирди. 1870— 1915 й. ларда қ. х. ривожланган Германия, Франция, Австралия, Австрия, АҚШ, Мексика ва б. да Карантин бўйича қонунлар қабул қилинди. 20-а. нинг 70-й. ларида 100 дан ортиқ мамлакатда Карантин қоидалари ишлаб чиқилди ва бу қоидаларнинг бажарилишини назорат қиладиган муассасалар барпо қилинди. Собиқ СССРда 1931 й. да Карантин хизмати йўлга қўйилди. Шу йили Карантин касалликлар ва зараркунандаларнинг, 1935 й. да Карантин бегона ўтларнинг биринчи рўйхати тасдиқланди.

1932 й. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошида Республика ўсимликлар карантин давлат инспекцияси хизмати ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимликлар карантини тўғрисида» қонуни 1995 й. 31 августда кабул қилинди. Ўсимликлар Карантин тадбирлари бўйича МДҲ доирасида Ўзбекистон ҳам қўшилган давлатлараро шартнома имзоланган (1992). Ўзбекистонда ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматини Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги ўсимликлар карантини Бош давлат инспекцияси («Ўзбошдавкарантин») бажаради.

Ўзбекистон қ. х. тарихида кўрилган қатъий чораларга қарамай республика ҳудудига бошқа мамлакатлардан кўп турдаги ўта хавфли Карантин даги зарарли объектларнинг ўтиб қолиши ҳолатлари кузатилган. 1939 й. да Япониядан келтирилган тут кўчати билан комсток қурти, 1964 й. да калифорния қалқондори, 1972 й. да Колорадо қўнғизи, 1980 й. да иссиқхона оққаноти (қ. Оққанотлар), 1981 й. да Туркиядан тўрт доғли донхўр, 1983 й. да шарқ мева қурти ва б. тарқалди ва улар қ. х. га катта иқтисодий зарар келтирмокда.

21-а. бошида Карантин кураш тадбирлари қўлланиладиган халқаро рўйхатга 300 дан ортиқ турдаги ўта хавфли ўсимликлар Карантини объектлари киритилган. Уларнинг 66 таси ўсимликлар зараркунандалари (ғўза куяси, осиё ғўза тунлами, америка оқ капалаги, апельсин қалқондори, илдиз қурти ва б.), 41 таси замбуруғли, нематодали, бактерияли, вирусли ўсимликлар касалликлари (ғўза антракнози, картошка раки, пармаловчи нематода, маккажўхори вилт касаллиги ва б.) дир. Ўзбекистонда 143 турдаги Карантин объектлари рўйхатга олинган. Шулардан 12 та тури кам тарқалган. 3) Ветеренарияда — ҳайвонларнинг ўта юқумли, тез тарқалиш хусусиятига эга бўлган ва катта иқтисодий зарар келтирадиган касалликлари ўчоқларини чегаралаш ва йўқ қилиш бўйича тадбирлар мажмуи.

Халқаро эпизоотия бюроси рўйхатига кўра (Бош сессия, 1983), оқсим, бруцеллёз, сил, везикуляр стоматит, куйдирги, Ауески касаллиги; қорамолларда — ўлат, ўпканинг умумий яллиғланиши, қорасон (эмфизематоз карбункул), туяларда — ўлат ва чечак; отларда — манка, эпизоотик лимфангит, юқумли анемия, энцефаломиелит, контагиоз плевропневмония, ўлат, юқумли ринопневмония; паррандаларда — ньюкасл касаллиги, пастеррелёз, ичак дифтерита, микоплариоз, чечак; сохта ўлат, асаларида — америка ва европа чириш касаллиги; эчкиларда — юқумли плевропневмония, қўйларда — ўлат, Рифт водийси иситмаси, қўйларнинг катарал иситмаси, қўйларнинг чечаги, чўчқаларда — классик ўлат, Тешен касаллиги ва б. К. тадбирлари жорий этиладиган касалликларга киради.

Ўзбекистонда кўпгина чорва ҳайвонларининг юқумли касалликлари тугатилган, кўпчилиги эса тарқалмаган. Оқсим, отларнинг юқумли анемияси чекланган ҳолларда учрайди.

Ветеренария амалиётда касалликнинг тарқалиш ва хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда, айрим хонадон, ферма, пода, асалари оилалари, сув хавзаси, хўжалик, аҳоли яшаш пунктлари, туман, шаҳар, вилоят, республика ҳудудларига тегишли ҳужжатлар асосида Карантин қўйилади.

Карантин тадбирлари ҳар бир касалликни тугатиш бўйича тегишли кўрсатма ва йўриқнома асосида ўтказилиб, ҳайвонларни Карантин ҳудудига киритиш, чиқариш, маҳсулот тайёрлаш, ярмарка, бозорларда мол сотиш тақикланади. Карантин белгиси чегарага осиб қўйилади ва крровул пости ташкил этилиб, кириб-чиқиш тартибга солинади.

Шоносир Шоваҳобов, Султон Алимуҳамедов, Ҳошим Нурмаматов.