КАРАТЭ

КАРАТЭ, карате (японча — ҳеч нарсасиз қўл б-н) — қуролсиз ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, инсон танасининг нозик жойларига қўл ёки оёқ билан зарбалар беришга асосланган спорт курашининг бир тури. Каратэнинг ҳоз. қоидалари 20-а. нинг бошларида японча жиужицу яккакурашини такомиллаштириш асосида шаклланган. Унинг дастлабки усул ва қоидаларини Г. Фунакоси (1869 — 1957, Япония) ишлаб чиққан. Каратэ чилар 8Х8 м татамида яккама-якка ёки жамоа бўлиб мусобақалашади, бажарилган зарба усулларига қўйилган баҳоларга қараб ғолиблар аниқланади. Халқаро Каратэ федерацияси (WUKO)ra 1968 й. да асос солинган. У 157 миллий федерацияни бирлаштиради (2002), Ўзбекистон миллий Каратэ федерацияси унга 1996 й. кирган. 1970 й. дан жаҳон чемпионатлари ўтказиб келинади (ҳар 2 й. да). К. Осиё, Лотин Америкаси мамлакатлари, АҚШ, Испания, Франция ва б. давлатларда тараққий этган. Ўзбекистонда Каратэ 20-а. нинг 80-й. ларидан оммалаша бошлади. 1995 й. да республика К. чилари битта федерацияга бирлашди (К. да 4 та йўналишда мусобақалар уюштирилади). Федерациянинг барча вилоятларда бўлимлари бор. Ўзбекистонда 60 мингдан кўпроқ киши Каратэ билан шуғулланади, 40 дан зиёд Каратэ клублари рўйхатдан ўтган (2002). Нурхон Нафасов, Алишер Содикрв, Михаил Голованов каби тажрибали мураббийлар қўл остида шуғулланган Илҳом Каримов, Отабек Қосимов, София Каспўлатова, Дониёр Холматов, Азамат Али Қаландаров сингари Каратэ чилар жаҳон кубоги ва Осиё чемпионатларида совринли ўринларни эгаллашган.

Loading...