КАРБАЛО — Ирокдаги шаҳар. Карбало муҳофазасининг маъмурий маркази. Фурот дарёси водийсида, Бағдод ш. дан 85 км жан.-ғарбда. Ахрлиси 200 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари).
Саудия Арабистони (Макка, Мадина ва б. шаҳарлар)га бориладиган автомобиль йўллари устидаги йирик савдо (хурмо, ғалла) ва транспорт пункти. Т. й. станцияси. Ғишт з-ди, мева консерва з-ди ва б. корхоналар бор. Ҳунармандчилик ривожланган. Али ибн Абу Толибнинг ўғли Ҳусайн ибн Али шаҳар яқинида 680 й. даги хокимият учун бўлган жангда ҳалок бўлган, Карбалода дафн қилинган ва кейинчалик масжид-мақбара қурилиб, шиалик мазҳабидаги мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган. Ҳар йили муҳаррам ойида Карбалода мотам маросими ўтказилади. Диний маросим буюмлари б-н савдо қилинади. Карбалода Озарбайжон мумтоз шоири Фузулий туғилган. Шаҳар 7-а. да бунёд этилган.