КАРБОН КИСЛОТАЛАР – таркибида карбоксил гуруҳ сақловчи органик бирикмалар. Карбоксил гуруҳ билан боғланган радикалга қараб Карбон кислоталар алифатик (тўйинган, тўйинмаган) , алициклик, ароматик ва гетероциклик бўлиши мумкин. Карбоксил гуруҳнинг сонига қараб бир, икки ва кўп асосли ёки молекуласига — ОН, =СО, Н, каби гуруҳлар киришига қараб окси-, кето – ва амино – К. к. деб аталади. Карбон кислоталар кўпинча, анъанавий (тривиал) ном билан аталади: сирка, салицил, мой, капрон, валериан каби кислоталар кучсиз бўлиб, диссоциаланиш константаси 1,410 5 атрофида. Лекин карбоксил гуруҳи электрофиль радикал билан боғланган бўлса, унинг кислоталик кучи ортади, мас, бензой кислота (С6Н5СО-ОН), пропиол кислота (НС=С-СООН) ва б.
Карбон кислоталар кимёвий фаол бўлиб, карбоксил гуруҳининг гидроксилини бошқа гуруҳларга алмаштириши мумкин, мас, Карбон кислоталар спиртлар таъсирида, минерал кислоталар иштирокида) мураккаб эфирлар, РС15, тионил хлорид, сулфурил хлорид таъсирида эса хлорангидридлар, сув тортиб олувчи воситалар иштирокида эса ангидридлар (RCO2)2O ҳосил қилади. Карбон кислоталар амидларини хлор ангидридларга аммиак, аминлар таъсир эттириб олиш мумкин. Карбон кислоталар радикал қисми бўйича ҳам турли хил реакцияларга кириша олади.
Карбон кислоталар табиатда эркин ва бирикма ҳолида кенг тарқалган. Улар ёғ, эфир мойи, ҳўл мевалар таркибига киради. Карбон кислоталар табиий бирикмалардан (юқори ёғ кислоталари, лимон кислотаси ва б.) ёки синтетик усулда, мас, спиртлар, альдегидларни оксидлаб олинади. Ачитиш (мой кислотали, сут кислотали, сирка кислотали ачитиш) йўли билан Карбон кислоталар олиш ҳам кенг тарқалган. Карбон кислоталар ва уларнинг ҳосилалари халқ хўжалигида кенг қўлланилади. Mac. пахта мойидан олинадиган дистилланган ёғ кислоталари асосида турли хил совунлар тайёрланади. Теломеризация усулида олинган юқори тармоқланган ёғ кислоталар (ВИК) асосида лок, эмаллар и. ч. йўлга қўйилган.