Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

КАРБОНАТЛАР

КАРБОНАТЛАР (лот. carbonis – кўмир) — карбонат кислота (Н2СО3) тузлари. Нормал, яъни СО, анионли ўрта (мас, К2СО3), НСО3 анионли нордон (гидрокарбонатлар, мас, КНСО,) ва асос (мас, Си2(ОН)2СО3 — малахит) К. га бўлинади. Ишқорий металлар, аммоний ва таллийнинг нормал Карбонатлари сувда яхши эрийди. Уларнинг сувдаги эритмаси ишқорий реакцияли. Барий, кальций, стронций ва қўрғошин (2 валентли) Карбонатлари сувда жуда оз эрийди. Нордон Карбонатлар сувда яхши эрийди. Карбонатлар қиздирилганда парчаланади (мас, Са — СО3 = СаО + СО2). Гидрокарбонатлар қиздирилганда парчаланиб нормал Карбонатларга айланади (мас, 2NaHCO3= Na2CO3 + + Н2О + СО2). Кучли кислоталар таъсирида Карбонатлар СО2 ни чиқаради. Карбонатлар табиатда кальцит, доломит, оҳактош, малахит, магнезит ва б. табиий минераллар ҳолида кенг тарқалган.

Баъзи Карбонатлар (мас, рух, темир, марганец, қўргошин, мис карбонатлари) кимматбаҳо металл рудаларидир. Оҳактош, магнезит, витерит қурилишда, оловбардош материаллар и. ч. да, кимё саноатида ва б. да хом ашё сифатида қўлланилади.