КАРИБ ДЕНГИЗИ

КАРИБ ДЕНГИЗИ, Караиб денгизи (индейсларнинг кариб қабиласи номидан) — Атлантика океанидаги ярим берк денгиз. Марказий ва Жан. Америка оралиғида. Шим. ва шарқдан Катта Антил ва Кичик Антил о. лари билан чегараланган. Юкатан бўғози орқали Мексика қўлтиғи, бўғозлар орқали Атлантика океани ва Панама канали орқали Тинч океан билан туташган. Майд. 2777 минг км2. Ўртача чуқ. 2491 м, энг чуқур жойи 7090 м. Сувининг ўртача ҳажми 6860 минг км3. Қирғоқ чизиғи эгри-бугри. Ғарбида ва Антил о. лари яқинида маржон рифлари бор. Соҳили тоғли, баъзи жойлари пасттекислик. Энг катта қўлтиқлари: Гондурас, Дарьен, Венесуэла. Денгиз тубининг рельефи анча мураккаб: Гренада (4120 м), Венесуэла (5420 м), Колумбия (4532 м), Юкатан (5055 м) каби сойликлар сув ости тизмалари ва сайёзликлар оркали бир-биридан ажралиб туради. Йирик ороллари: Куба, Гаити, Ямайка, Пуэрто-Рико. Денгиз тубининг грунти оҳакли балчиқдан, саёз жойларда эса маржон чўкиндиларидан иборат. Иқлими тропик иқлим, пассат шамоллари таъсирида. Ҳавонинг ойлик ўртача т-раси 23— 27°. Йиллик ёғин шарқида 500 мм дан ғарбида 2000 мм гача. Денгизнинг шим. қисмида июнь — октябрда тропик довуллар бўлиб туради. Оқим тезлиги 1—3 км/ соат, Юкатан бўғозида 6 км/соат. Сув юза қисмининг ойлик ўртача т-раси 25—28°. Шўрлиги 36%о га яқин. Сувининг ранги яшил ва кўк-яшил. Сув кўтарилиши ҳар ярим суткада такрорланади (бал. 1 м гача). Кариб денгизида акулалар, учар балиқлар, денгиз тошбақаси, кит ва кашалотлар, Ямайка о. яқинида тюлень, ламантин ва кўплаб эндемик ҳайвонлар яшайди.

Кариб денгизи муҳим иқтисодий ва стратегик аҳамиятга эга. Денгиз орқали Тинч океан ва Атлантика океани портларини боғловчи энг қисқа денгиз йўли ўтган. Энг муҳим портлари: Маракайбо, ЛаГуайра (Венесуэла), Картахена (Колумбия), Лимон (Коста-Рика), Санто-Доминго (Доминикана Республикаси), Колон (Панама), Сантьяго-де-Куба (Куба) ва б.

Loading...