КАРМАКДОШЛАР (Plumboginaceae) — икки уруғпаллалилар (магнолиясимонлар) синфига мансуб кўп йиллик ўсимликлар оиласи. 12 туркуми, 600 дан зиёд тури бор. Ўзбекистонда 7 туркуми, 31 тури ўсади. Гуллари тўғри, икки жинсли, қизил, оқ, тўқ ҳаво ранг, сариқ, бошоқсимон ёки рўваксимон тўпгул ҳосил қилади, Гулкосачаси пардасимон, оқ ва оч бинафша ранг. Тожбарги 5 та, пастки қисми қўшилган, чангчиси 5 та. Меваси бир уруғли ёнғоқча. Барги оддий, баъзан патсимон қирқилган, чети текис, кетма-кет жойлашган. Кармакдошлар, асосан, чўлларда, шўрхок ва сернам ерларда, экинлар орасида ўсади. Кармакдошлардан маҳаллий халқ қадимда бўёқ олишда фойдаланган, ошловчи модда ҳам олинади.