КАРМАНА

КАРМАНА, Кармина (асли суғдийча Хармана — катта сарой) — аҳоли яшайдиган қад. масканлардан бири. Навоий вилоятида жойлашган. Вилоят ҳудудида ўтказилган археологик тадқиқотлар ва кузатишларнинг натижаларидан маълум бўлишича, Зарафшон водийсининг дарё, бир қисми адирлик ва даштлик ерларини кесиб ўтган ўрта қисмида жойлашган кенг бу ҳудудда аҳоли ўрта тош даврининг мустье (мил. ав. 150—40 минг йилликлар) босқичидан бошлаб яшаб келади. Бунга мисол тариқасида Калқонота қишлоғи яқинида, Учтут мавзеида, топиб текширилган мустье даври тош қуроллари ясаш устахонаси ва ибтидоий одамлар макони ҳамда неолит даври (мил. ав. 5—3 минг йилликлар)да чақмоқтош бўлаклари кавлаб олинган. Энг қад. кон — «Учтут шахтаси» (устахонаси)нинг ўрни ва лаҳмлари (туннель қолдиклари); шунингдек, Сармишсой ва Бийронсой бўйлаб жез (бронза) давридан бошлаб то илк ўрта асрларгача ўтган узоқ минг йилликлар мобайнида кад. овчи ва подачиларнинг қояларга ўйиб туширган турли мазмундаги тасвирлари ҳамда ов манзаралари каби ноёб осори-атиқаларни санаб ўтиш мумкин. Қалқонота ва Конимех атрофларида кайд этилиб, тадқиқ этилган мил. ав. 6—4 ва мил. 1 — 5-а. ларга мансуб моддий маданият обидалари, Қумрабод, Арабон ва Чордара каби қад. қишлоқ харобалари, шунингдек, Шодибек, Шўровул ва Қалқонота мозор қўрғонларидан топилган археологик топилмаларга Караганда, қарийб минг йилликни қамраган бу даврда Кармана ҳудудида, хусусан, дарёнинг ўнг томонида жойлашган унинг шим. қисмида ўтроқ деҳқончилик ҳаёти анча гавжум бўлган.

Аммо Кармана ҳудудининг қад. тарихи, айниқса, бу кўҳна масканда деҳқончилик ва чорвачилик ёки ҳунармандчилик каби касб ва хўжаликларнинг юзага келиши ва тараққиёти, шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиши тарихига оид моддий-маданият обидалари бизнинг давримизгача етиб келмаган. Ёзма манбаларда келтирилган бор маълумотлар эса, асосан, кейинги даврларга — ўрта асрларга мансубдир. Бунинг устига улар ғоятда қисқа ва узуқ-юлукдир.

10-а. Бухоро тарихчиси Муҳаммад Наршахийнинг таърифича, «Кармина Бухоро қишлоқлари жумласидан бўлиб, унинг суви Бухоро сувидан келади; хирожи Бухоро хирожига қўшилади. Унинг ўзига тегишли алоҳида бир қишлоқ ҳам бор: унда масжиди жоме барпо этилган». Бухоро воҳасининг суғорма деҳқончилик ерлари Кармана ҳудудидан бошланган. Наршахийнинг таърифича, воҳанинг Зарафшон дарёсидан бош олган суғориш тармоқларидан дастлабкиси Кармина анҳори ҳисобланган. Уни Наршахий катта анҳор деб ёзади. 9—10-а. ларда Бухоронинг деҳқончилик ерларидан тўпланадиган хирож солиғидан тушган ҳар йилги даромад К. ерларини қўшиб ҳисоблаганда, «бир миллион бир юз олтмиш саккиз минг беш юз олтмиш олти дираму беш ярим донакни ташкил этган». Кейинчалик Кармананинг хирожи Бухоро хирожидан ажратилиб алоҳида олинган.

Бу маълумотлардан маълум бўлишича, К. Бухоро воҳасининг деҳқончилик (рустоқтуман)лари қаторидан жой олган. У Зарафшон дарёсидан чиқарилган алоҳида канал орқали суғорилган. Кармана рустоғи илк ўрта асрларда Бухоро воҳасининг 15 та деҳқончилик рустокларини ўраб ўтган қад. мудофаа иншооти — Канпирак деворидан ташқарида жойлашган. Ўрта аср ёзма манбаларида бу ташқи рустоқ К., баъзан эса Йасир номлари билан тилга олинади. Рустоқнинг маркази ҳам Кармана номи остида шухрат топган. Наршахийнинг маълумоти бўйича, Бухоро билан Кармана оралиғи 14 фарсанг (98-112 км) узунликка эга бўлган. 12-а. муаллифи Муҳаммад ас-Самъоний бу масофани 18 фарсах (120-144 км)гатенг бўлган деб ёзади. Кармана рустоғи ҳудудидан оқиб ўтган Зарафшон дарёсининг ҳар икки соқиллари бўйлаб Арфуд ёки Варқуд, Мизйамажкас, Харомкас ёки Заргонкас ва Харжанкас ҳамда Худиманкан каби катта-кичик шаҳар ва қишлоқлар жойлашган. Аҳоли яшаган бу қад. турар жой орасида энг гавжуми Кармана шаҳари хисобланиб, унда адиблар ва шоирлар кўп бўлган.

12-а. да Кармана шаҳри хоразмшоҳ Эларслон (1156-1172) томонидан вайрон қилинган. Кейинчалик у қайта тикланиб, 15-а. да яна йирик шаҳарга айланган.

Сўнгги ўрта асрларда, хусусан, Бухоро амирлигида манғитлар сулоласи ҳукмронлик қилган даврда (1753 — 1920) Кармана вилояти алоҳида имтиёзли бекликка ажратилиб, у Бухоро амирининг валиаҳди томонидан бошқарилган. Жумладан, Амир Абдулаҳад ва Сайд Олимхонларнинг қароргоҳлари Кармана шаҳрида бўлган. Ҳатто Абдулаҳад вафотидан сўнг, маййит Бухородан олиб келиниб, Карманада дафн этилган.

Шўролар даврида К. Бухоро вилоятидаги шаҳар — Навоий р-нининг маъмурий маркази бўлган. Кейинчалик Навоий вилояти ташкил этилиши ва Навоий ш. нинг кенгайиши муносабати билан унга қўшилиб кетган. Меъморий ёдгорликлардан Мир Сайд Баҳром мақбараси (П-а:) ва Қосим Шайх хонақоси (16-а.) Работи Малик харобаси сақланган.

Loading...