КАРОЧИ

КАРОЧИ, Карачи (балужларнинг кулачи қабиласи номидан) — Покистондаги шаҳар. Мамлакатнингжан. қисмида, Ҳинд дарёси дельтасида, дарёнинг Арабистон денгизига қуйилиш жойидан 100 км юқорида. Синд вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 9,3 млн. киши (1998).

Карочи 18-а. бошида балиқ овловчилар қишлоғи ўрнида вужудга келган. 1843 й. да инглизлар босиб олди ва 19-а. нинг 2-ярмида Буюк Британиянинг ҳарбийденгиз базасига айланди. 1947—59 й. ларда Покистон пойтахти.

Карочи — мамлакатнинг энг катта шаҳри, иқтисодий ва савдо маркази. Транспорт йўлларининг халқаро тугуни, денгиз порти (йиллик юк ортиб-тушириш 15 млн. т.). Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Мамлакат ташқи савдосининг аксари қисми (тахм. 70%) К. орқали ўтади. Карочи ва унинг атрофида эркин савдонинг мамлакатда биринчи экспорт ишлаб чиқариш зонаси ташкил этилган. Карочи ва унинг атрофидаги саноат корхоналари Покистонда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотининг 1/2, жумладан, тўқимачилик (асосан, ип газлама) саноати маҳсулотининг 1/3 қисмига яқинини беради. Озиқ-овқат (тамаки, балиқни қайта ишлаш ва б.), кўн пойабзал, целлюлоза-қоғоз, цемент, ойна, кимё ва фармацевтика, металлсозлик ва машинасозлик (автомобилсозлик, кемасозлик, эҳтиёт қисмлардан мотоцикл ва мотороллерлар йиғиш ва б.), резина-техника, нефтни қайта ишлаш корхоналари бор. К. яқинида мамлакатдаги биринчи АЭС жойлашган.

Карочида банклар, суғурта ва савдо компанияларининг бошқармалари, бир неча олий ўқув юрти, жумладан, ун-т (1951), политехника ин-ти, илмий тадқиқот интлари, коллежлар, Миллий музей, Покистон давлати асосчиси М. А. Жинна мақбараси, замонавий меъморий бинолардан Олий суд биноси (20-а. боши), «Интерконтинентал» меҳмонхонаси, Давлат банки биноси ва б. бор.

Loading...