КАРОМАТОВ Саъдулла Музаффарович

КАРОМАТОВ Саъдулла Музаффарович (1928.14.7, Бухоро – 1987.21.8, Тошкент) — журналист, ёзувчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). Тошкент ун-тининг филология ф-тини тугатган (1949). Ўзбекистон радиоэшиттириш қўмитасида ходим (1949—51), «Совет Ўзбекистони» газ. да адабий ходим, бўлим мудири (1954—57), «Ўзбекистон маданияти» (1957—59), «Совет Ўзбекистони» (1959—66) газ. ларида масъул котиб, «Тошкент оқшоми» — «Вечерний Ташкент» газ. лари бош муҳаррири (1966 — 82), Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби (1982—85). Кароматов ижодини 50-й. ларда очеркнавис сифатида бошлаган. Биринчи йирик насрий асари — «Тоғлар табассуми» (ҳужжатли қисса, 1963). Очерклар тўпламлари («Амунинг зар кокиллари», 1964; «Кумуш камар», 1964; «Гўзаллик рамзи», 1965) чиққан. Бир муҳаббат фожиасига бағишланган «Бир томчи қон» (1968), 2-жаҳон урушидан кейинги ҳаёт машаққатлари ҳақидаги «Эътиқод» (1970) қиссалари ҳамда маъдан изловчилар ҳаёти тасвирланган «Олтин қум» (1980) романи ва б. асарлар муаллифи.