КАРТОН (франц. carton, итал. carto — қоғоз сўзидан) — юза бирлигининг массаси ёки солиштирма оғирлиги оддий қоғозникидан катта бўлган қоғоз тури. Ягона халқаро таснифлашда қоғоз билан Картон орасида аниқ чегара кўрсатилмаган. Мас, Германияда 150 г/м2, Польшада 180 г/м2, Россияда 250 г/м2 қоғоз материали Картон деб қабул қилинган. Бир, икки ва кўп қатламли Картонлар бўлади. Картон тайёрлашдаги асосий технологик операциялар хом ашёни майдалаш, қолипларга қуйиш, пресслаш, қуритишдан иборат. Картон олиш қоғоз олишдан унча фарқ қилмайди, лекин бунда анча дағал ва бикр толали материаллар (мас, қўнғир ёғоч массаси, ярим целлюлозалар, макулатура ва б.) дан фойдаланилади. Картон хоссалари ушбу техник кўрсаткичлари: юза бирлиги (мас, 1 м2 ининг массаси, калинлиги, намлиги ва б.) билан белгиланади. Картон массаси таркибига ёпиштирувчи, боғловчи, тўлдирувчи, бўёвчи моддалар қўшиб, унинг хоссаларини ўзгартириш мумкин. Вазифасига ва физик-механик хоссаларига қараб, Картоннинг қутилар ясаш, матбаада, пойабзал и. ч. да, қурилишда, тўқимачилик ва б. да ишлатиладиган, электроизоляция, қистирмалар ва б. тайёрланадиган хиллари бор.