КАРВОНСАРОЙ

КАРВОНСАРОЙ — карвонлар тўхтаб, тунаб ўтадиган работ, сарой. Яқин Шарқ, Ўрта Осиё, Закавказье шаҳарлари савдо йўлида барпо этилган. Карвонсаройлар, одатда, ўртада катта ҳовли, атрофи бир-икки қаватли ҳужралар билан ўралган, минорали қалъабанд истеҳком шаклида бўлиб, савдо манзилларида ва шаҳардаги бозор (тим, тоқ)лар қаторига қурилган. 9—18-а. ларда шаҳарларнинг ўсиши ва карвон савдосининг кучайиши натижасида Карвонсаройлар кўплаб бунёд этилган. Араб сайёҳлари Истаҳрий ва ибн Хавқалларнинг маълумотига кўра, 10-а. да савдо маркази ҳисобланган Мовароуннаҳрда 10 мингдан ортиқ Карвонсаройлар бўлган (яна қ. Работа Малик, Доя хотин карвонсаройи харобалари, Оллақулихон карвонсаройи ва тими). Темир йўл ва б. замонавий транспорт ривожланиши натижасида Карвонсаройлар ўз аҳамиятини йўқотган.