КАСАБА УЮШМАЛАРИ — меҳнаткашларни жинси, диний эътиқоди, ирқий ва миллий мансубликларидан қатъи назар и. ч. ва ноишлаб чиқариш соҳаларида ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва ўз аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бирлаштирувчи оммавий жамоат ташкилотлари. 18-а. охирида Ғарбий Европа мамлакатлари ва АҚШда ўзаро ёрдам жамиятлари сифатида пайдо бўлган. Ривожланган мамлакатларда 19-а. да легаллашди. Касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнат шароити, иш ҳақи, турмуш, маданият ва ш. к. соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилишга даъват этилган. 14 ёшга тўлган ва меҳнат (касб) фаолияти билан шуғулланаётган ҳар бир киши ўз хоҳишига кўра, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун Касаба уюшмалари тузиш, уларга кириш, Касаба уюшмалари фаолияти билан шуғулланиш ва Касаба уюшмаларидан чиқиш ҳуқуқига эга. Энг йирик халқаро Касаба уюшмалари марказлари: Жаҳон Касаба уюшмалари федерацияси (1945 й. Парижда тузилган, 80 дан ортиқ мамлакат миллий касаба уюшма марказларини бирлаштиради, касаба уюшма умумий аъзоларининг сони 20-а. нинг 90-й. ларида 213 млн. дан ортиқ бўлган), Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерацияси ва Жаҳон меҳнат конфедерацияси (1920 й. Ватикан ёрдамида Халқаро христиан Касаба уюшмалари конфедерацияси номи билан тузилган, 14 млн. дан ортиқ аъзоси бор, қароргоҳи Брюсселда).
Ўзбекистонда Касаба уюшмаларининг ҳуқуқий мақоми ЎзР Конституцияси, Меҳнат кодекси, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги ЎзР қонуни (1992 й. 2 июль) ва б. билан белгиланади. Касаба уюшмаларига меҳнат, унга ҳақ тўлаш ва б. тайин масалаларни ҳал қилиш соҳасида ҳуқуқлар берилган. Касаба уюшмаларининг уставлари «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги ЎзР қонунида белгиланган тартибда рўйхатга олинади. Барча Касаба уюшмалари тенг ҳуқуклардан фойдаланадилар. Касаба уюшмалари ўз фаолиятида давлат бошқарув идораларидан, хўжалик идораларидан, сиёсий партиялардан мустақил, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди (қонун хужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно). Касаба уюшмаларининг ҳуқуқларини чеклайдиган ёки шу ҳуқуқларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган тарздаги ҳар қандай аралашув ман этилади. Касаба уюшмалари ўз уставларида белгиланган мақсадларга ва вазифаларга мувофиқ равишда бошқа мамлакатларнинг Касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш, ўз хоҳишига кўра, халқаро ва бошқа Касаба уюшмалари бирлашмаларига ва ташкилотларига кириш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмаларининг тузилиши федерализмга асосланган. Қуйидан юқоригача барча органлар Касаба уюшмалари аъзолари томонидан сайланган вакилларнинг йиғилишлари, конференциялари ва қурултойларида сайланади ва улар олдида ҳисоб беради. Касаба уюшмалари ҳар бир аъзоси сайлаши ва Касаба уюшмалари органларига сайланиши, йиғилишлар, матбуот ва б. воситалар орқали Касаба уюшмалари ҳамда маъмурий органлар фаолиятига тааллуқли масалаларни қўйиши мумкин. Касаба уюшмалари ишлаб чиқариш, тармоқ ва ҳудудий принциплар асосида ташкил этилади. Тармоқ ва ҳудудий Касаба уюшмалари аъзо ташкилотлар сифатида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясини ташкил этадилар (қ. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши).
Касаба уюшмаларининг асоси — бошланғич ташкилот бўлиб, касаба уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши унинг олий органидир. Бошланғич ташкилот камида 3 аъзоси бўлган жойларда тузилади. Кундалик ишларни олиб бориш учун касаба уюшмасининг гуруҳларида гуруҳ ташкилотчиси, 15 тагача аъзони бирлаштирган бошланғич ташкилотда ташкилотчи ва унинг ўринбосари, 15 ва ундан кўп аъзони бирлаштирган бошланғич ташкилотда касаба қўмитаси сайланади.
Иқтисодий ислоҳотлар ва бозор муносабатлари шароитида Касаба уюшмаларини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, куч ва маблағларни бирлаштиришга эҳтиёж кучайди. Эндиликда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ўз фаолиятини ижтимоий шерикчилик асосига қурмоқда ва ҳукумат, вазирликлар, идоралар, вилоят ҳокимликлари билан икки томонлама ҳудудий ва тармоқ битимлари туза бошлади. Меҳнатга лаёқатли аҳолини иш б-н таъминлаш, ишсизликнинг олдини олиш, меҳнаткашларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масалалари билан шуғулланиш Касаба уюшмалари фаолиятининг энг муҳим йўналишлари бўлиб қолди. Ўзбекистонда Касаба уюшмалари аъзоларининг умумий сони 6.730.545 кишини ташкил этади (2002 й. апр.). Бундан ташқари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига кирмайдиган Қ«изилқумкамёбметаллолтин» концернида 65 мингдан ортиқ касаба уюшма аъзоси бор.