КАСБ КАСАЛЛИКЛАРИ

КАСБ КАСАЛЛИКЛАРИ — ёмон меҳнат шароитлари ва касбга алоқадор зарарларнинг организмга таъсири натижасида пайдо бўладиган касалликлар. Касб касалликларининг кечиши унга сабаб бўлган зарарли омилларнинг ўзига хослиги, кучи, давомийлиги ва уларнинг биргаликдаги таъсирига боғлиқ. Касб касалликларининг зарарли омилларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Касб касалликларининг физик (касбга алоқадор карлик, вибрация касаллиги, нур касаллиги, кессон касаллиги, баландлик касаллиги ва б.), биологик (инфекцион ва паразитар касалликлар: бруцеллёз, куйдирги) ва кимёвий омиллар таъсирида (қ. Заҳарланиш), баъзи чанглар узоқ вақт нафасга олинганда (пневмокониоз, бронхит ва б.), шунингдек, жисмоний зўриққанда ёки шикастланганда (неврит, бурсит) вужудга келадиган турлари фарқ қилинади. Касб касалликларининг келиб чиқишига организмнинг ўта толиқиши ва касалликка қарши кураша олиш фаолиятининг пасайиши ҳам сабаб бўлади.

Ўзбекистонда Касб касалликлари рўйхати ва тегишли тавсияномалар ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдикланади. И. ч. технологиясининг такомиллаштирилиши, и. ч. жараёнларини комплекс механизациялаш ва автоматлаштиришнинг кенг жорий этилиши, меҳнат ва дам олишнинг меъёрида ташкил қилиниши, зарарли корхоналарда қисқартирилган иш куни белгиланиши туфайли Касб касалликлари камайиб бормокда. Касб касалликларини олдини олиш, даволаш, мехнат муҳофазасини ташкил килиш ишлари билан Ўзбекистон Санитария, гигиена ва касб касалликлари и. т. институти шуғулланади.

Prev Article

КАСАНАЧИЛИК

Next Article

КАСБИТЕПА