КАСБИ ТУМАНИ

КАСБИ ТУМАНИҚашқадарё вилоятидаги туман. 1970 й. 16 окт. да ташкил этилган. Касби тумани вилоятнинг ғарбида жойлашган. Қарши, Косон, Нишон, Муборак, Баҳористон, Усмон Юсупов туманлари билан чегарадош. Майд. 0,65 минг км2. Аҳолиси 127,6 минг киши (2000). Касби туманида 10 қишлоқ фуқаролари йиғини (Денов, Комилон, Муғлон, Тошқўрғон, Човқай, Чўлқувар, Юксалиш, Янгиҳаёт, Қамаши, Катағон) бор. Маркази — Муғлон қишлоғи.

Т а б и а т и . К. т. Қарши чўлида жойлашган. Ҳудудида Майманоқ тоғ тизмаси бор. Иқлими кескин континентал. Ёзи иссиқ, қуруқ ва узок,. Баҳор ва кузда ёғин кам. Қишда қор оз ёғади, қаттиқ совуқ бўлмайди. Янв. нинг ўртача т-раси 0° дан Ггача, июлники 28,2°—31,6°. Йил давомида ёғингарчилик кунлари 58—60 кундан ошмайди. Т-ранинг юқорилиги туфайли буғланиш миқдори йилига ёғингарчиликка нисбатан ўн баробар кўп. Йилига ўртача 270 мм, айрим йиллари 310—320 мм, қурғоқчилик йиллари 100 мм ёғин тушади. Касби туманининг Косон тумани билан чегарасидан Қашқадарё оқиб ўтади. Тупроғи, асосан, бўз тупроқ. Баъзи жойларда шўрланган. Яйловларда шувоқ, исириқ, янтоқ, жингак, каррак, туяқорин, қамиш,. юлғун ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан қуён, тулки, бўри, чиябўри, юмронқозиқ, турли хил илонлар, тошбақа, калтакесаклар, кушлардан ёввойи ўрдак бор.

Аҳолисининг аксари қисми ўзбеклар (86,1%); шунингдек, тожик, туркман, қирғиз, корейс, татар, озарбайжон, арман ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га 196 киши тўғри келади (2000).

Хўжалиги. Туман иқтисодиётида саноат ва қ. х. асосий ўринни эгаллайди. Касби туманида пахта тозалаш з-ди, нон к-ти, нон цехи, 2 автокорхона, сутни қайта ишлаш корхонаси, маҳаллий саноат корхонаси, босмахона мавжуд. 170 дан зиёд хусусий савдо и. ч. фирмалари, кичик корхоналар, 500 га яқин маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бор. Қ. х. да фойдаланиладиган жами ер 50 минг га, шундан суғориладиган ер май-дони 45,5 минг га. Экин майдони 43 минг га ни ташкил этади. Шундан 22 минг га ерга пахта, 16,6 минг га ерга дон экинлари, қолган ерларга сабзавот, полиз, картошка, ем-хашак экинлари экилади. 2 минг га дан зиёд ер боғ, тутзор ва токзорлардан иборат, 4 минг га дан ортиқ ер яйлов. К. т. да ширкат ва бир жамоа хўжаликлари, қишлоқ акциядорлик жамоаси, 2 қ. х. пайчилик жамияти, паррандачилик хўжалиги фаолият кўрсатади. Бир хўжалик чорвачиликка, бир хўжалик боғдорчиликка ихтисослаштирилган. Туман ҳудудида Ўзбекистон пахтачилик и. т. институтининг Қашқадарё филиали жойлашган, тажриба синовлари Алишер Навоий номидаги ширкат хўжалигида олиб борилади. Чорвачиликда қорамолчилик асосий ўринни эгаллайди. Касби туманида 49,3 минг бош кррамол, 76,6 минг қўй-эчки, 148,9 минг парранда, 933 от боқилади (1998). Пиллачиликни ривожлантиришга хам кўп аҳамият берилмоқда.

53 умумий таълим мактаби, интернатлицейи, гимназия, 3 касб-ҳунар мактаби, спорт, мусиқа мактаблари, иқтисодий таълим маркази, маданият ва истироҳат боғи, 28 кутубхона, 10 маданият уйи, 9 клуб, стадион, теннис корти, 21 спорт зали, 24 футбол ва 19 баскетбол майдонлари бор. 50 ўринли ногиронларни реабилитация қилиш маркази, 325 ўринли 2 касалхона, 200 ўринли кундузги стационар, 12 қишлоқ врачлик пункти, 11 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 26 фельдшер-акушерлик пункти, 3 поликлиника, 9 дорихона мавжуд. 1100 га яқин олий ва ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходими ишламоқда. 1971 й. дан «Садоқат» туман газ. чиқади (адади 900).

Prev Article

КАСАНАЧИЛИК

Next Article

КАСБИТЕПА