КАШНИЧ

КАШНИЧ (Coriandrum) — соябонгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимликлар туркуми, эфир мойли ва кўкат-сабзавот экини. Ўрта денгиз атрофларида 2 тури, Ўрта Осиёда 1 тури — экма Кашнич (C.sativum) ўсади. Европа, Шим. Африка, Осиё, Шим. Америка, мамлакатларида, Украина, Россиянинг марказий қоратупроқ вилоятларида хўжалик мақсадларида экилади. Уруғидан етиштирилади. Кашнич пояси қиррали, сершох, барглари узун бандли. Гуллари оқ ёки пушти; соябонларга тўпланган. Меваси юмалоқ. Бир уруғи очилмайдиган икки мевачадан иборат. Совуққа чидамли. Эрта баҳордан кеч кузгача экиш мумкин. Ниҳоллари 32 — 34 кунда кўкат сабзавот ҳолида фойдаланишга яроқли бўлади. Уруғи 90—95 кунда пишади. 1000 дона уруғи вазни 5—8 г. К. нинг баргларида калий тузлари, оқсиллар, витамин Вр В2, С, Р, провитамин А мавжуд. Уруғида 0,2 — 1,4% эфир мойи ва 16—28% техник мой бор (парфюмерия, қандолатчилик, озиқовқат саноатида ишлатилади). Кашнич кўкати шўрва, гўштли ва сабзавотли овқатларга, уруғи ва ёш майсалари зиравор сифатида гўшт сиркалашда ишлатилади. Соусларга солинганда хушбўй таъм беради. Кашнич асалширали ўсимликлар гуруҳига киради. Уруғ бўйича ҳосилдорлиги 8—15 ц/га. Ўзбекистонда Кашничнинг Янтарь («Қаҳрабо») нави 1953, Орзу нави 1999, Ором нави 2001 й. дан р-нлаштирилган.