КАСКАД

КАСКАД (франц. cascade) — 1) бир неча поғонага урилиб тушадиган табиий ёки сунъий шалола. Сунъий Каскад истироҳат боғларида ҳар хил сатҳдаги сув ҳавзалари ва поғонама-поғона супачалар тарзида қурилади (яна қ. Шаршара);

2) циркда қизиқчиларнинг акробатик тарзда биринкетин «йиқилиш» усуллари;

3) опереттада қўшиқ жўрлигида ижро этиладиган жўшқин рақс;

4) гидроэлектр станциялари каскади — битта дарё оқими бўйича ёки бир сув ҳавзасига бирин-кетин, босқичма-босқич қуриладиган ва сув хўжалиги мароми ҳаммаси учун умумий ҳисобланадиган гидроэлектр ст-я (ГЭС) лар мажмуи (қ. ГЭС каскади);

5) электр машиналари каскади — бир-бири билан механик ва электрик тарзда ёки фақат электрик жиҳатдан боғланган икки ёки бундан кўп электр машиналардан иборат қурилма. Ўзгармас қувватли ва ўзгармас моментли бўлиши мумкин. Биринчисида қўшимча машиналардан бири асосий машина (двигатель) ўқига механик тарзда бириктирилади. Иккинчисида механик бириктирув бўлмайди, балки қўшимча машиналардан бири ўрнига иккита электр машина уланади. Каскад электр двигателларнинг айланиш частотасини равон ва тежамли ростлаб туришга имкон беради;

6) трансформаторлар каскади — кетма-кет уланган икки ёки ундан кўп электр трансформаторлар мажмуи. Юқори кучланишли ўзгарувчан токни ўзгартириш ёки ундан фойдаланиш учун мўлжалланади. Бундай Каскадда трансформаторларни поғонали уйғотиш усули қўлланилади. Бунда ҳар қайси навбатдаги трансформатор ўзидан олдинги трансформаторнинг кучайтирувчи чулғамидан уйғотилади. Кучланиши 1,5—2 MB гача бўлган Каскадда 4 тадан 8 тагача трансформатор бўлиши мумкин;

7) кучайтириш каскади — таркибида кучайтириш элементи, нагрузка занжири, олдинги ёки кетинги Каскад билан боғланиш занжири бўлган радиотехника қурилмаси. Кучайтириш элементи сифатида яримўтказгичли (транзистор, туннелли диод) ва электрвакуумли электрон асбоблар (қабул қилишкучайтириш лампалари, клистрон) қўлланилади. Бундай Каскад киришига берилган сигнал унинг чиқишида (нагрузка занжирида) кучайиб боради. Кириш кучланиши (ток, қувват)нинг чиқиш кучланишига нисбатан Каскаднинг кучланиш (ток, қувват) бўйича кучайтириш коэффициенти деб аталади.