КАТАКЛАЗ

КАТАКЛАЗ (юн. kataklao — бузаман) — тектоник қаракатлар таъсири остида тоғ жинслари таркибидаги минералларнинг деформацияси ва эзилиши. Асосан, тектоник ёрилишлар юзаси бўйлаб ва унга яқин жойларда кузатилади. Бунда тоғ жинсларининг структураси бузилади, минерал доначаларининг ўлчам ва шакллари ўзгаради. Катаклазда, одатда, минерал доначаларининг аҳамиятли силжишлари юз бермайди. Шу сабабли, жинснинг структураси кескин ўзгарсада, унинг дастлабки текстураси сакланади. Кимёвий ва минералогик ўзгаришлар бўлмайди ёки жуда кам даражада намоён бўлади. Кучсиз Катаклаз кристаллнинг юпқа шлифини қутбланган ёруғликда кузатиб аниқланади, бунда «тўлқин суниши» кузатилади (айниқса, кварц кристалларида аниқ намоён бўлади); кучлироқ Катаклаз худди шу шароитларда «мозаика сўниши»га олиб келади. Кучли Катаклаз алоҳида доначаларнинг майдаланиши («грануляция») га сабаб бўлади.