Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

КАТАЛИЗ

КАТАЛИЗ (юн. katalysis — бузилиш, парчаланиш) — кимёвий реакциялар тезлигининг баъзи моддалар (катализаторлар) таъсирида ўзгариши. Катализатор реакцияга киришувчи модда (реагент)лар б-н бир қанча оралиқ бирикмалар ҳосил қилиб, реакция ниҳоясида миқдори ва таркиби ўзгармасдан ажралиб чиқади. Катализатор сифатида турли хил моддалар (газ, суюқликлар ва қаттиқ моддалар) ишлатилиши мумкин. Реагентлар ва катализаторларнинг фазавий ҳолатига қараб каталитик жараёнлар, асосан, гомоген ва гетероген Катализга бўлинади. Бундан ташқари, микрогетероген, ферментатив каталитик жараёнлар ҳам мавжуд. Гомоген Катализда реагентлар билан катализатор бир жинсли аралашма ҳосил қилади. Реакция газ ёки суюқ фазада боради. Катализатор сифатида атомлар, ионлар, молекулалар иштирок этиши мумкин. Бундай каталитик жараён механизмини шархлаш учун оралиқ моддалар назарияси ишлаб чиқилган. Бу назарияга асосан, реагентлар катализатор билан беқарор оралиқ моддалар ҳосил қилади. Сўнгра бу моддалар парчаланиб катализатор қайта тикланади (регенерация). Суюқ фазадаги кислотаасосли Катализ механизми реагентлар билан катализатор ўртасидаги протон алмашинишига асосланган. Мас: R-CH=CH2+HA -» R-CH2-CH2++A~ R-CH2-CHj+H+OH^R-CH2CH2OH+H+ Н+ + А – > НА Гомоген каталитик жараённинг тезлиги жуда кўп омилларга, хусусан, реагентлар ва катализаторлар концентрацияси, т-ра, босим ва аралаштириш даражасига боғлиқ. Бу жараённинг асосий камчилиги маҳсулот таркибидан катализаторни ажратиб олиш (тозалаш) зарур бўлади. Гетероген Катализда катализатор сифатида қаттиқ моддалар ишлатилади. Уларнинг шарсимон, грануласимон, спиралсимон ва б. турлари маълум. Шунингдек, бу катализаторлар таркибига кўра, бир, икки ёки кўп компонентли, ҳолатига қараб оксидсимон, металлсимон бўлади. Гетероген Катализ баъзан контакт К. деб ҳам аталади. Бу жараён ниҳоясида маҳсулотдан (суюқ ёки фазадаги) катализатор осон ажратиб олинади. Шу сабабли гетероген Катализ саноатда кенг қўлланилади. Микрогетероген Катализда реакция суюқ фазада боради, катализатор сифатида коллоид заррачалар иштирок этади. Ферментатив Катализ ўсимлик ёки ҳайвон тўқималарида содир бўлади, бу реакцияда катализатор сифатида коллоид ҳолдаги оқсил заррачалари — ферментлар хизмат қилади. Баъзи моддалар кимёвий реакция тезлигини сусайтиради ёки тўхтатади. Бундай моддалар антикатализатор ёки ингибиторлар деб аталади. Бу ҳолатни манфий Катализ дейилади. Саноатда, асосан, мусбат Катализ катта аҳамиятга эга. Катализатор қўлланганга бир вақтда бориши мумкин бўлган параллел реакциялардан фақат бирининг тезлиги ортади. Бошқалари эса тўхтайди (селектив Катализ). Мас: [Ад] СН2—СН2 [Pd] [Си] К. жараёнида ҳосил бўладиган оралиқ комплекс бирикмалар билан дастлабки моддалар энергияси орасидаги фарқ активланиш энергияси дейилади. Кимёвий реакциялар тезлиги, асосан, шу энергиянинг микдорига боғлиқ бўлиб, унга тескари пропорционалдир. Каталитик жараённинг активланиш энергияси қанча кам бўлса, реакция тезлиги шунча юқори бўлади. Катализ жараёнида қўлланиладиган катализаторнинг роли кимёвий реакциялар активланиш энергиясини камайтиришдан иборат бўлиб, бунинг натижасида реакция йўлини ўзгартиради ёки уни занжирсимон механизмга ўтказади. Катализ бориш механизмига қараб, асосан, иккига бўлинади: кислота-асос катализи ва оксидланиш-қайтарилиш катализи. Кислота-асос Катализда кислота-асослар катализатор бўлади. Бу реакцияларда протон алмашиниши рўй беради, яъни протон катализатордан реагентга ёки, аксинча, реагентдан катализаторга ўтади. Катализ жараёни кейинги босқичда полимерланиш, изомерланиш: крекинг жараёнлари алюминий силикат таъсирида шу кислотаасос катализи механизми билан боради. Оксидланиш-қайтарилиш катализида металл, металл оксидлари, тузлар катализатор бўлиб хизмат қилади. Бундай Катализда электрон алмашади, электрон катализаторлардан реагентга ёки, аксинча, реагентдан катализаторга ўтади. Шундай қилиб, ок-сидланиш — қайтарилиш жараёни содир бўлади. Маълум катализатор ёки катализаторлар гуруҳи кимёвий реакциянинг маълум йўналишинигина ўзгартиради, тезлатади, холос. Шунга кўра, муайян реакция учун катализатор танлаш амалий аҳамиятга эга бўлган асосий ва муҳим вазифадир. Ҳоз. вақтда Катализнинг умумлашган ягона назарияси мавжуд бўлмасада, унинг баъзи томонларини эътиборга олган айрим назариялар бор. Рус кимёгарлари Н. И. Кобозевнинг фаол ансамбль, А. А. Баландиннинг мультиплет Катализнинг электрон ва занжир назариялари шулар жумласидандир.

Ад.: Гейтс Б., Кетцир Д., Шуйт Г., Химия каталитических процессов, пер. с англ. М., 1981; Проблемы кинетики и катализа, т. 1-19; Л. – М., 1935-85.

Маьруф Мусаев.