КАТАСТРОФИЗМ

КАТАСТРОФИЗМ (юн. katastrophe — тамом бўлиш, ҳалокат, бузилиш) , катастрофалар назарияси — метафизик таълимот. Унинг асосида Ер пўсти ва органик оламнинг ривожланиши бутун Ер планетаси миқёсида содир бўладиган, даврий такрорланиб турадиган геологик ҳалокат (катаклизма)лар билан боғлиқ, деган ғоялар ётади. Даврий глобал ҳалокатлар ҳақидаги ғоя қадимда пайдо бўлган; 17 — 18-а. ларда геол. тарихини ўрганишда қўлланилган. Палеонтологиянинг асосчиси француз олими Ж. Кювье 1812 й. да Ер катламларининг алмашиниши билан бирга фауна ва флоранинг алмашиниши ҳам содир бўлганлигини ва ўтмишдаги геологик даврларда органик дунё ўзгаришининг сабабини ўзининг катастрофалар назарияси асосида тушунтирди. Кювьенинг уқтиришича, Ер юзининг каттагина қисмида рўй берган ҳалокатли табиий офат (катастрофа) бу ҳудудлардаги барча ҳайвон ва ўсимликларни ҳалок этган. Сўнгра уларнинг ўрнини омон қолган жойлардан келган, лекин қирилиб кетган турларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган янги формалар эгаллаган. Кювье қад. қатламлардан ёш қатламларга ўтган сари органик формаларнинг аста-секинлик билан мураккаблашиб борганлигини қайд этган бўлсада, у Ламаркнниг тирик табиат эволюцияси, кейинги ҳаёт формаларининг олдинги формалардан келиб чиққанлиги ҳақидаги фикрларини инкор этди. Кювье турларнинг ўзгармаслиги ҳақидаги креационистик дунёқарашни ёқлаб чикди. Кювьенинг асосий ғояси француз палеонтологи А. д’Орбиний томонидан давом эттирилди. А. д’Орбиний Ер тарихини 27 даврга бўлиб, ҳар бир давринг янги формалар б-н бошланиб ҳалокат туфайли қирилиб поёнига етганлигини айтади. Шунинг б-н бирга ўша даврдаёқ палеонтологик далиллардан ҳаётдаги ҳодисаларни эволюцион нуқтаи назардан тушуниш заруриятини ёрқин ифодаловчи қатор «палеонтологик қонунлар» чиқарилди. Бу қонунларга биноан, қирилиб кетган формалар қанчалик қадимги бўлса, улар б-н ҳоз. замон ҳайвонлари ўртасидаги фарқ ҳам шунчалик катта бўлади, ҳайвон типларининг пайдо бўлиш тартиби эмбрион босқичларнинг пайдо бўлишидаги тартибни эслатади; қирилиб кетган ҳайвонлар ҳоз. ҳайвонларга ўхшаш план асосида тузилган, уларнинг ҳаёти ҳам ўхшаш физиологик фаолият билан тавсифланади. Бу қонунлар органик дунё ўзининг тарихий ривожланишига кура, бирбутун эканлигидан далолат берди. Эволюцион назария организмлар тарихий ривожланишида Катастрофизмни инкор этади.

Loading...