КАТЕГОРИЯЛАР

КАТЕГОРИЯЛАР (юн. kategoria — мулоҳаза, фикр; белги) (фалсафада) — воқеликдаги ҳодисалар ва билишнинг муҳим, умумий хусусият ҳамда муносабатларини акс эттирувчи энг умумий ва асосий тушунчалар. Категориялар билиш ва ижтимоий амалиёт тарихий тараққиётининг умумлашган натижаси бўлиб вужудга келган.

Категориялар ҳақидаги илк таълимот қад. Ҳиндистоннинг айрим фалсафий мактабларида учрайди. Юнон файласуфи Платон дунёдаги нарса ва ҳодисалар тушунчаларнинг ифодаси шаклида ҳосил бўлади деб ҳисоблайди. Аристотель ўзининг «Категориялар» асарида Категорияларни объектив реалликнинг инъикоси ҳамда энг юксак умумлашмаси деб талқин қилади. У 10 та категория тўғрисида маълумот беради: моҳият, миқдор, сифат, муносабат, жой, вақт, қоида, ҳолат, хатти-ҳаракат ва қийналиш. Аристотелнинг Категориялар ҳақидаги таълимоти Киндий, Форобий, Ибн Сино томонидан ривожлантирилди. Ўрта аср схоластикаси 6 та категорияни бир-биридан фарқ қилади: борлиқ (моҳият), сифат, миқдор, ҳаракат (ўзгариш), муносабат, эгалик. Декарт ва Локк 3 та категорияни кўрсатиб ўтади: субстанция, ҳолат (модус) ва муносабат. И. Кант К. ни ақл-идрок шакллари деб тушунади. Категориялар ҳақида таълимотни ишлаб чиқишда Гегелнинг ҳам хизмати катта. У К. ҳақидаги кенг ва мураккаб таълимот тизимини яратган. Категориялар ҳақидаги таълимотга Э. Гартман, А. Шопенгауэр, Ф. Ницше асарларида ҳам кенг ўрин берилган. Ҳар бир инсон ўз фаолиятида ўзигача шаклланган Категориялар ёрдамида иш тутади. Категориялар методологик ва дунёқараш мазмунига эга бўлиб, инсонга борлиқнинг моҳиятини, инсоннинг борлиқда тутган ўрнини тўғри билиб олишга ёрдам беради.

Ҳар қайси фаннинг ўз Категориялари бўлиб, шу фаннинг хусусиятларини кўрсатиб туради. Фалсафий Категориялар фан К. идан фарқ қилиб аниқ фанлар ривожи натижаларини умумлаштириб, илмий билишдаги методологик ва дунёқараш аҳамиятига эга бўлган томонларини таърифлаб беради. Фалсафанинг турли Категориялари мавжуд: борлиқ, онг, ҳаракат, ривожланиш, фазо, вақт, инъикос, билиш, ҳақиқат, сабабият, структура, тизим, мазмун, шакл, имконият, воқелик, ҳодиса, мохият ва б.

Loading...