КАТТА АШУЛА

КАТТА АШУЛА, патнусаки (патнис) ашула — Фаргона водийсига хос бўлган ўзбек анъанавий ашула йўли. Одатда, 2—5 ҳамнафас ашулачи (ҳофиз) томонидан чолғу жўрлигисиз (қўлларига патнис ёки ликобча ушлаган ҳолда) айтилади. Кўпинча юқори пардаларда ва кенг нафасда ижро этилиб, ўзига хос мураккаб ижро услуби билан ажралиб туради. Катта ашула қадимий маросим ва меҳнат қушиқлари, марсия, навҳа, аёлғу қўшиқлари ҳамда аруз вазнидаги ғазалларнинг қад. ўқилиш услублари заминида вужудга келган. Катта ашула, одатда, катта йиғин, сайил ва тўй-томошаларда айтилган. Унинг ўтмишдаги намуналарида лирик ва насиҳатомуз ғазаллар билан бир қаторда диний, тасаввуф йўналишидаги шеърлар ҳам куйланган. Навоий, Лутфий, Машраб, Хазиний, Муқимий, Фурқат, Завқий, Мискин ва б. нинг ғазаллари Катта ашула жанридан алоҳида ўрин олган. Халқ орасида «Дўстлар» (Навоий), «Кўп эрди», «Ёлғиз», «Адашганман» (Муқимий), «Оҳ ким, раҳм айламас» (Фурқат), «Бир келсун», «Эй, дилбари жононим» (Мискин) каби Катта ашулалар кенг тарқалган. Ҳабибий, Чустий, Камтар, Чархий, Собир Абдулла, Акмал Пўлат, Восит Саъдулла, Насимий, Эркин Воҳидов, Ўткир Рашид ва б. нинг шеърлари ҳам Катта ашулада севиб ижро этилади.

Катта ашула ижрочилигида бадиҳа услубидан кенг фойдаланилади. Бу эса ундаги нутқдош ва оҳангдор тузилмалар бирбирига мукаммал ва узвий боғланишини таъминлайди, ашулани ранг-баранг мусиқа безаклари билан бойитади, турли авжлар қўлланишига олиб келади. Катта ашула ижрочиси анъанавий «устоз-шогирд» мактабини ўтган, шеърият қонунлари ва ижрочилик анъаналарига таянган, кенг диапазонли, баланд овозга ва маҳоратга эга бўлиши лозим. Ҳофизлар, одатда, шеър бандидаги бошланғич мисраларнинг ҳар бирини галма-гал, сўнгги мисраларни жўр бўлиб ижро этадилар. 20-а. нинг 2-ярмида Катта ашуланинг янги ашула-чолғу йўллари, яккахон ҳофизга мўлжалланган турлари юзага келди. Мазкур намуналарда чолғу ансамбли ҳамнафас ҳофиз вазифасини бажарган, ижрода эркин услуб сақланиб қолган. Катта ашуланинг бу услуби Жўрахон Султонов томонидан яратилган («Эй дилбари жононим», «Оҳким», «Топмадим», «Гулузорим қани», «Меҳнат ахли», «Ўзбекистон» ва б.). Айрим мақом шўъбалари («Баёт», «Чоргоҳ», «Ушшоқ») ҳам Катта ашула («ёввойи мақом») услубида айтилган (мас, «Ёввойи Ушшоқ», «Патнусаки Чоргоҳ», «Ликоби Баёт» ва б.). Моҳир созандалар Катта ашуланинг чолғу (най, сурнай, ғижжак) йўлларини яратдилар. Ривожланиш мобайнида Катта ашула ижрочилик (Қўқон, Марғилон, Тошкент, НаманганАндижон) мактаблари шаклланган. Эркақори Каримов, Шерқўзи Бойқўзиев, Ҳайдарали Ҳикматов, Мелиқўзи Юсупов, Ўтимбой Саримсоқов, Турдиали Эргашев, Отамирза Абдураҳмонов (Қўқон), Маматбува Сатторов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Болтабой Ражабов, Иброҳим Исҳоков, Мусажон Орифжонов (Марғилон), Ориф Алимаҳсумов, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Акбар Ҳайдаров, Эшмат Ҳайдаров, Очилхон Отахонов (Тошкент), Фаттоҳхон Мамадалиев, Одилжон Юсупов, Жўрахон Юсупов (Андижон), Ҳамроқулқори Тўрақулов (Бешариқ), Расулқори Мамадалиев (Бувайда), Солижон Ҳошимов (Қувасой) ва б. К. а. ижрочилигида шуҳрат қозонган. Ҳалима Носирова, Муножот Йўлчиева, Исмоил ва Исроил Ваҳобовлар, Маҳмуд Тожибоев, Маҳмуд Йўлдошевлар ҳам Катта ашулани маҳорат билан ижро этмоқдалар. 1984 й. дан ЎзРда Катта ашула чиларнинг кўриктанловлари (Марғилон, 1984; Тошкент, 1987; Кўқон, 1991; Шаҳрисабз, 1994) ўтказилмокда. Катта ашула ижрочилик йўллари анъанавий маҳорат мактаблари (Балиқчи, Бувайда) ва мусиқа ўқув юртлари (Фарғона санъат билим юрти, Ўзбекистон давлат консерваторияси) да ўзлаштириб келинган. 2001 й. Андижонда 1 – Республика профессионал Катта ашула ижрочилари танлови ва илмий-амалий (Тошкент, Андижон) конференциялари ўтказилди. Катта ашула бастакор (Ф. Содиқов, «Ўзбекистон», «Тўй муборак»; М. Муртозоев, «Соғиниш» ва б.) ва композиторлар (В. Успенский, «Лирик поэма»; М. Тожиев, 3-симфония; М. Бафоев, Халқ чолғулари оркестри учун концерт; Б. Умиджонов, а капелла учун «Чоргоҳ») нинг ижодларига озуқа бўлмоқда.

Рустам Абдуллаев.