КАТТА ЎЗБЕКИСТОН ТРАКТИ

КАТТА ЎЗБЕКИСТОН ТРАКТИ — Ўзбекистондаги умумдавлат аҳамиятига эга бўлган дастлабки энг йирик автомобиль йўли. Пойтахт Тошкентни мамлакатнинг энг жан. да жойлашган Термиз ш. билан боғлайди. Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари аҳолисининг ташаббусини эътиборга олиб ҳамда Мирзачўлда янги ерлар ўзлаштириб, пахтазорларга ай-лантирилиши, Самарқанд вилоятида пахта ва дон етиштиришни кўпайтириш, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг тоғли туманлари билан транспорт алоқасини яхшилаш мақсадида 1940 й. республика ҳукумати уз. 724 км бўлган Катта Ўзбекистон Трактини қуриш тўғрисида махсус қарор қабул қилган (тракт қурилишига қадар шу йўналишда ўтган карвон йўллари мил. ав. 5-а. дан маълум бўлган. 19-а. нинг2-ярмидан 1940 й. ларгача «Уезд-почта йўли» номи билан аталган).

Катта Ўзбекистон Тракти 1940—41-й. ларда ҳашар усулида қурилган, уни қуришда йўл бўйлаб жойлашган 41 туман меҳнаткашлари қатнашган. Тракт ўз вақтида республикада энг йирик, шунингдек, энг шинам йўллардан бири бўлиб, Ўзбекистон ҳудудини шим. дан жан. га кесиб ўтган, 8 шаҳар ва 6 йирик вилоятлар ҳудуди орқали ўтиб, вилоятлар маъмурий марказларини ўзаро боғлаган, иқтисодиётда муҳим ўрин тутган.

1960—80 й. ларда Ўзбекистонда халқ хўжалиги ва саноатнинг ривожланиши, транспортга бўлган талабнинг ошиши, йўлларда ҳаракат жадаллигининг кескин кўпайиши натижасида кўплаб халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўллари қурилди. Мавжуд йўллар эса талаб даражасида қайта таъмирланиб, кенгайтирилиб, янгидан титул рақам берилиб қайтадан номланди.

Ҳозир собиқ Катта Ўзбекистон Тракти халқаро аҳамиятли магистрал автомобиль йўлларининг айрим қисмларига бўлиниб кетган: М-34— «Тошкент-Душанба» автомагистралининг Тошкентдан Ховосгача қисми (160 км); А-376 — «Қўқон-КонибодомХўжанд-Жиззах» автомагистралининг Ховосдан Жиззахгача қисми (90 км); М-39 — «Олмаота-Бишкек-ТошкентСамарқанд-Термиз» (1475 км) автомагистралининг Жиззахдан Термизгача қисми (474 км). 90-й. лардан бошлаб тракт йўналиши халқаро миқёсдаги магистрал йўлларга айланди, кенгайтирилиб, ободонлаштирилди, йўл бўйларида кўплаб замонавий ёнилғи қуйиш шохобчалари, кемпинг-мотеллар, йўл-индустрия корхоналари, чет эллар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар барпо этилди.

Тракт чет мамлакатлар туристик транзит алоқаларида ҳам муҳим ўрин тутади. Йўлдаги автомобилларнинг кунлик қатнов жадаллиги 10000—15000 автомобилга тенг. Тоҳиржон Мирзаев.