КАТТА СОВЕТ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ

КАТТА СОВЕТ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ (Большая Советская Энциклопедия, БСЭ) — СССРда чиқарилган универсал энциклопедик нашр, жаҳондаги йирик энциклопедиялардан бири. Москвадаги «Советская энциклопедия» («Совет энциклопедияси») нашриёти томонидан рус тилида нашр этилган. 1-нашри 1926—47 й. ларда чиққан; 65 асосий жилд ва алоҳида СССР жилдидан иборат; 65 минг мақолани ўз ичига олади, адади 50 — 80 минг; бош муҳаррири — О. Ю. Шмидт (1941 й. гача). 2-нашри 1950— 58 й. ларда чиққан, 50 асосий жилд ва 51-қўшимча жилддан иборат; 100 мингга яқин мақоласи бор, адади 250—300 минг; 2 жилдли алфавитли кўрсаткичи чиққан (1960); бош муҳаррири — С. И. Вавилов (1951 й. гача), Б. А. Введенский (1951 й. дан). 3-нашри 1969—78-й. ларда чиққан, 30 жилддан иборат; 100 мингдан ортиқ мақолани қамраган, адади 630 минг; 1 жилдли кўрсаткичи бор (1981); бош муҳаррири — А. М. Прохоров (1969 й. дан).

Катта Совет Энциклопедияси АҚШ ва Грецияда таржима килиниб, нашр этилган. У собиқ Иттифоқда энциклопедия ишининг ривожланишига таъсир кўрсатган. Ўзбек Совет Энциклопедияси (1971—80)ни нашр этишда ҳам Катта Совет Энциклопедияси тажрибасидан фойдаланилган. 1957—90 й. ларда Катта Совет Энциклопедиясининг Ежегодниги (йиллик тўплами) чиқарилди (яна қ. Энциклопедия).

Loading...