КАТТАҚЎРҒОН — Самарқанд вилоятидаги шаҳар. Зарафшон водийсида, Нарпай каналининг чап соҳилида, 485 м баландликда. Каттақўрғон тумани ҳудудида, т. й. станцияси. Самарқанд ш. дан 88 км шим.-ғарбда. Янв. нинг ўртача т-раси —2°, июлники 27,2°. Йиллик ёғин 282 мм. Аҳолиси 76,3 минг киши (2002).
Кўпгина археологик қазилмалар қад. Каттақўрғоннинг бой маданиятидан дарак беради. 1908 й. да ўтказилган археологик қазишмалар вактида оссуарий (сопол тобут)лар топилади. Оссуарийларда одам суяклари ва дафн маросимларидаги диний урф одатларни тасвирловчи расмлар сақланиб колган. 1958 й. да Каттақўрғондан 7 км ғарбдаги кондан ёғоч сандиқ қолдиқлари чиқди. Сандиқнинг мис безакларида қад. шаҳар маданиятини акс эттирувчи расмларни кўриш мумкин. Жездан ишланган қорачироқ ва аёллар тақинчоқлари топилган. Македониялик Искандар Самарқандни вайрон қилгандан кейин, Каттақўрғон анча муддат Суғднинг сиёсий маркази бўлиб турган. Каттақўрғондан бир оз ғарброкда қад. маданият ўчоғи бўлган Рабинжон ш. қолдиқлари аниқланди. 12-а. да уни Хоразмшоҳ Эл Арслон эгаллаган. Ҳозирги Каттақўрғон (эски шаҳар қисми) 17-а. нинг сўнгги чорагида барпо этилган. 18-а. да Каттақўрғон анча катта шаҳар бўлган (170 га жойни эгаллаб, 25 гузарга бўлинган). Шаҳар пахса девор билан ўралиб, 4 дарвозаси бўлган. Масжидлар ва диний мактаблар фаолият кўрсатган. Аҳоли ғишт пишириш, кунжут ва пахта ёғлари и. ч., пахта тозалаш, заргарлик, косибчилик ва б. ҳунарлар билан шуғулланган. Каттақўрғон адабий муҳитига мансуб шоирлардан Шавқий, Нодим, Хиромий. Эшонхожа Вола, Мирий, Видодий, Дуст ва б. ижод қилган. Қ. ни рус босқинчилари эгаллагунга каДаР (1868) шаҳар Бухоро амирлиги тасарруфида бўлган. 19-а. охирида Красноводск (ҳоз. Туркманистондаги Туркманбоши ш.) — Самарқанд т. й. қурилиши билан шаҳар саноати ривожлана бошлади. 1890 й. буғ двигатели билан ишлайдиган пахта тозалаш ва 1896 й. прессли ёғ з-длари ишга тушди.
Каттақўрғонда ёғ-мой, гўшт, сут-мой, нон, ун к-тлари, пахтачилик учун машиналар ишлаб чиқарадиган «Пахтамаш» з-ди, ғишт, пахта тозалаш з-длари, мева консервалаш, қандолатчилик, маҳаллий саноат корхоналари, оҳак, мебель, бадиий кулолчилик цехлари, маданий, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди.
Шаҳарда бир қанча қурилиш ташкилотлари, автокорхоналар, 18 умумий таълим, мусиқа мактаблари, педагогика, тижорат ва тиббиёт коллежлари, транспорт, касб-ҳунар ва миллий ҳунармандчилик лицейлари, театр, 6 маданият уйи, клублар, 15 кутубхона, маданият ва истироҳат боғи, музей, касалхона, туғруқхона, поликлиника ва дорихоналар хизмат кўрсатмокда. Каттақўрғондан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Зарафшон водийсининг бошқа шаҳарлари, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонга автобуслар қатнаб турибди. Тошкент — Нукус, Андижон — Душанба темир йўл йўналишлари шаҳар орқали ўтади. Каттақўрғон яқинида Каттақўрғон сув омбори қурилган.