КАВИТАЦИЯ

КАВИТАЦИЯ (лот. cavitas — бўшлиқ) — суюқлик ичида газ, буғ ёки уларнинг аралашмаси билан тўлган бўшлиқ (кавитация пуфакчалари) ҳосил бўлиш ҳодисаси. Тез оқаётган суюкликда босимнинг маълум критик қийматгача камайиши (гидродинамик Кавитация) натижасида ёки суюқликда акустик тўлқинларнинг ўтиши (акустик Кавитация) натижасида содир бўлади. Суюқликдаги газ ва буг пуфакчалари чексиз ортиб боради ва катта «кавитация пуфакчалари»га айланади. Пуфакчалар суюқликда газ эриши туфайли ҳосил бўлиб, босим критик босимдан юқори босим соҳасигача етганда камая боради ва йўқолади. Натижада суюқлик айланиб ўтаётган жисм яқинида пуфакчалар билан тўлган чегара — «кавитация зонаси» ҳосил бўлади. Зона чегарасида пуфакчалар жуда тез камайиб боради ва гидравлик зарба вужудга келади. Бундай зарбаларнинг қўшилиши натижасида ҳамма вакт Кавитация б-н бирга ғувуллаётган овоз чиқади.

Кавитация гидроиншоотлар ва қурилмалар, сув турбиналари, суюклик насослари, турбовинтлар, баланд учадиган самолётларнинг суюқ тизимлари ва б. га зарарли таъсир кўрсатади, ф. и. к. ни камайтиради, иншоотларни портлатиб юбориши ҳам мумкин. Кавитацияни йўқотиш учун суюқлик ҳаракати секинлаштирилади, гидростатик босим оширилади.

Loading...