КАВКАБИЙ Нажмиддин Бухорий

КАВКАБИЙ Нажмиддин Бухорий (? Бухоро — 1532, Эрон) — мусиқашунос, шоир, бастакор. Мусиқа илми ва амалиётининг турли масалаларига дойр илмий рисолалар ёзган. Форобий, Сафиуддин Урмавий, Омулий, Абдулқодир Мароғий ва Хўжа Юсуф Бурҳон Андижоний асарларига таянган ҳолда Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб, ўз назарий қарашларини замонасининг мусиқа амалиётига яқинлаштиришга интилган. Форс тилидаги «Рисолаи мусиқий»да илми мусиқий, ўн икки мақом тизимига оид назарий тушунчалар бериб, турли зарб-усулларнинг номини келтириб таърифлаган, куйнинг амалиётидаги хиллари ҳақида маълумот берган. Кавкабий мақомларни кеча-кундузнинг қайси соатларида ижро этилиши ва ҳар хил руҳий ҳолатдаги кишиларга таъсири масалаларини баён этган. Ўз рисоласида турли мусиқа асбоблари, куйлар ва мақомларнинг пайдо бўлиши ҳақида афсоналар, ғазаллар келтириб, умуман, қад. Шарқ мусиқий эстетикаси анъаналарини давом эттирган. Ҳасан хожа Нисорий ва Дарвишали Чангий маълумотига кўра, Кавкабий куллиёт, қавл, амал, савт, нақш, рехта ва б. шаклларда мусиқа асарлари яратиб, мақомларга мос ғазаллар ҳам битган. Шеърларида ислом ва мусика мавзуига янгилик олиб кириб, мусиқанинг илоҳий кучини тараннум этган. Алишер Навоий К. га истеъдодли ёш шоир сифатида эътибор берган. Рисоланинг нусхалари Санкт-Петербург, Душанба, Тошкентдаги шарқшунослик ин-тларида сақланади.

Loading...