КАВШАРЛАШ

КАВШАРЛАШ — қаттиқ материаллар (пўлат, чўян, шиша, сопол ва б.) ни эритилган кавшар билан бириктириш. Кавшарлаш жараёнида эриган кавшар буюмнинг қисмлари орасидаги оралиқни (тирқишни) тўлдиради ва совиганда қотиб туташ кавшарланган чок ҳосил бўлади. Пайвандлашяан фарқи Кавшарлашда кавшар билан бириктириладиган буюмнинг қирралари эритилмайди. Кавшарланадиган сиртлар кир ва зангдан яхшилаб тозаланади, тозаланган жойга флюс суркалади. Флюс сифатида рух хлорид, алюминий хлорид, канифол, борат кислота, бура ва б. ишлатилади. Баъзан, бириктиришни енгиллаштириш учун Кавшарлашдан олдин кавшарланадиган жой қалайланади (оқартирилади). Металлмас материалларни Кавшарлашда, олдин уларнинг сиртлари махсус моддалар билан металланиб, сўнгра кимёвий фаол металлар (мас., титан, цирконий, хром) дан иборат бўлган кавшарлар билан ёки одатдаги кавшарлар билан бириктирилади. Материаллар кавшарлар билан бирга электр печларда, кавшарлагичлар, газ горелкалари, инфрақизил ҳамда лазер нурлари ва б. ёрдамида қиздирилади. Кавшарлагич билан Кавшарлашда аввал кавшарлагич кавшарлаш лампаси ёки электр токи билан қиздирилади. Кавшарлагич нинг қизиган учи кавшарга текказилса, кавшар эриб, кавшарлагичга ёпишиб чиқади, учокка суркалади. Суюқ кавшар чокни тўлдиради ва тез қотади. Кавшарлагич билан ишлаш унумсиз бўлгани учун саноатда автоматлаштирилган Кавшарлаш машиналари қўлланилади. Вазнсизлик ҳолатида Кавшарлашнинг истиқболи катта. Кавшарлаш автомобилсозлик, асбобсозлик, электроника, радиотехника ва б. да қўлланилади.

Loading...