КАХЕКСИЯ

КАХЕКСИЯ (юн. kakos — ёмон, hexis — аҳвол) — очлик, тўйиб ёки ёлчитиб овқат емаслик, моддалар алмашинувининг жиддий бузилиши оқибатида ҳаддан ташқари озиб кетиш, чўп-устихон бўлиб қолиш. Алиментар дистрофия, сурункали заҳарланишлар (маргимуш, симоб ва б. дан), ҳолдан тойдирадиган касалликлар (сил, рак), шунингдек, ички секреция касалликлари, баъзи авитаминозлар Кахексияга олиб келади. Гавда вазни кескин камайиб кетади, дармон қурийди, кўз киртаяди, соч тўкилади, тери буришиб қуриб қолади. Беморнинг ранги заҳил тортади, гавда ҳарорати ва қон босими пасаяди, юрак уриши сустлашади, қонда қанд миқдори камаяди, тери суякка ёпишиб қолгандек туюлади, ички аъзолар атрофияси кузатилади. Баъзи ҳолларда бадан шишади, руҳият ўзгаради. Бундай ҳолат кўпроқ 20—40 ёшли аёлларда кузатилади. Келиб чиқиш сабаблари, ривожланиш механизмлари ва ҳ. к. га кўра, Кахексиянинг бир неча тури (алиментар, гипофизар, ўсма ва б.) фарқ қилинади. Асосан, бош мияда жойлашган гипофиз — ички секреция безининг гормонлар и. ч. фаолияти издан чиқади. Бош миянинг ўрта қисмида жойлашган гипоталамик-гипофизар соҳада ўзгаришлар (ўсма, яллиғланиш ва б.) содир бўлади. Кахексияни бартараф этиш учун унга сабаб бўлган асосий касалликни йўқотиш чоралари кўрилади, гипофиз ўсмасида нейрохирургия қўлланилади, бошқа сабаблар бўлса, гормонлар билан даволанади.

Loading...