КЕЛИН КЎРДИ

КЕЛИН КЎРДИ, келин кўриш — туркий халқларда, жумладан, ўзбекларда янги келинчакни кўриш одати. Никоҳ тўйининг эртасига ўтказиладиган «бет очар» маросимидан бошлаб бир йилгача давом этади. Куёвнинг қариндошлари, танишлари, қўни-қўшнилари ва б. К. к. га келадилар. Келин уларни салом (таъзим) қилиб кутиб олади, дастурхон ёзиб, рўмол, дастрўмол совға қилади (яна қ. Кўрмана). Маҳалла (қишлоқ) қиз-жувонлари, янги тушган келинникига ҳайит кунлари ташриф буюришлари ҳам Келин кўрди деб аталади. Келиннинг хонаси сеп ва сарполар билан безатилади, дастурхон тузаб қўйилади. Одат бўйича келиннинг ота-онаси ҳайит арафасида қизи ва куёвига сарпо ва дастурхон (турли таомлар) юборади. Маҳалла (қишлоқ) қиз-жувонлари келинчакни кўриш учун тўда-тўда бўлиб келадилар. Келин ясанган ҳолда, юзига тўр тутиб, келганларга салом қилади, сўнг чой узатади. Келин кўрдига келганлар келиннинг сарпо ва сепларини томоша қиладилар, бир оз ўтиргач, келинга бахтли турмуш тилаб қайтадилар. Келин кўрди одати Фарғона водийси ва Хоразмда тарқалмаган. Уларда келинни келин тушдидан 3 кун ўтгач, келиннинг она ёки опа-сингиллари бориб, ҳол-аҳвол сўраб қайтадилар. Келин кўрди ўзбек халқи орасида қадим замонлардан бери давом этиб келган.

Ад.: Бўриев О., Шоймардонов И., Насриддинов Қ., Узбек оиласи тарихидан, Т., 1995.

Prev Article

КЕЛЕС

Next Article

КЕЛИНОЙ