КЕЛИШИК — от ёки отлашган сўзнинг бошқа сўзлар билан алоқасини кўрсатувчи грамматик шакл. У от шакли эканлиги ҳолда, бирикма ёки гап таркибида унинг бошқа сўзга тобеланишини кўрсатади. Бу синтактик муносабат келишик шаклининг ўзи б-н, кўмакчи ёки кўмакчи вазифасидаги сўз билан бирга ифода топиши ҳам мумкин.
Келишик миқдори турли тилда ҳар хил. Ўзбек тилида 6 та келишик бўлиб, улар бош (шаклсиз), қаратқич (шакли нинг), тушум (шакли – ни), жуналиш (шакли га – ка – қа), ўрин (шакли – да), чиқиш (шакли – дан) келишикларидан иборат. Шулардан қаратқич келишиги от томонидан бошқарилиб, ҳоким сўз эгалик қўшимчасини олиб келади: китобнинг варағи. Қолган тушум, жўналиш, ўрин, чиқиш келишикли отлар феъл ёки сифат томонидан бошқарилади: китобни варақлади, китобга қаради, китобда ёзилган, китобдан олинди.