КЕМА

КЕМА — юк ва йўловчиларни ташиш, балиқ овлаш, сув остидан фойдали қазилмалар (мас, нефть) ни қазиш, спорт машклари ва мусобақалари ўтказиш ҳамда ҳарбий масалаларни, и. т. ишлари ва б. ни бажариш, сайёҳлик учун мўлжалланган сувда сузувчи иншоот. Қадимда сузиб юрувчи восита сифатида ходалар ва сувда сузадиган бошқа нарсалардан фойдаланишган.

Ходаларни бир-бирига боғлаб қурилган солни дастлабки Кема деб ҳисоблаш мумкин. Қад. Миср, Ўрта Осиё, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон ва б. мамлакатларда қайиқ ва Кемалар ясалган. Мисрда дастлаб қамиш ва папирусдан ясалган сол ишлатилган. Оссурияда ҳайвон терисидан тайёрланган қопга ҳаво пуфлаб сувдан сузиб ўтишда фойдаланишган. Шим. мамлакатларда қайин пўстлоғидан қурилган, дарахт танасини ўйиб ясалган ёки каркасга ҳайвон териси тортилган (челнок) қайиқлардан фойдаланишган. Мисрда қадимдан кўп эшкакли денгиз К. си расм бўлди. Борабора кемасозлик такомиллашиб, Кеманинг ўлчамлари ва юк кўтарувчанлиги ортиб борди, унга эшкак ва елканлар ўрнатилди (мас, X. Колумб «Санта Мария» елканли Кема — каравеллада Американи очган, 1492). Рус механиги И. Кулибин 1772 й. да ғилдирак (чархпалак) ли Кемани яратди. Англияда 1882 й. биринчи темир пароход (буғ кемаси) қурилди. 19-а. 40-й. ларида винтли Кема қўллана бошлади. Биринчи буғ турбинали Кема («Турбиния») Англияда яратилди (1894). Россияда дунёда биринчи бўлиб ички ёнув двигатели ўрнатилган Кема («Вандал») қурилди (1902). Кейинчалик электр двигателли (1913, АҚШ), гидромуфтали (1925, Германия), 20-а. 50-й. ларида сув ости қанотли Кемалар пайдо бўлди. Кема ларга газ турбиналари, атом куч қурилмалари ўрнатилди, атом турбоэлектроходлар пайдо бўлди. Ҳозир сув йўлларида па-роходлар, теплоходлар, электроходлар, атомоходлар қатнайди.

Ўзбекистонда қам қадимдан Кема лардан фойдаланилган. Амударё ва Орол денгизида Кемалар қатнаган. Илгари, асосан, елканли Кемалар бўлган. 20-а. бошларида Амударё ва Орол денгизида юклар ва йўловчилар ташилган (мас, 1924 й. Ўрта Осиё сув йўлларида 20 кема, 1500 қайиқ қатнаган). 1923 й. Ўрта Осиё пароходчилик бошқармаси тузилган (1956 й. у собиқ Иттифоқ Денгиз флоти вазирлиги ихтиёрига ўтказилди). 1950 й. Термизда дарё порти очилди. Амударё соҳилларида бир неча бандаргоҳлар қурилди. 1980 й. га келиб Ўзбекистонда сув йўлларининг умумий уз. 2800 км га етди. 1995 й. «Термиз дарё порти», «Хоразм дарё флоти», «Қорақалпоғистон дарё флоти» и. ч. бирлашмалари ташкил қилинди. Дарё сувининг камайиши ва Орол денгизининг қуриб бориши туфайли сув йўллари кескин қисқарди. Республика дарё флотида 150 га яқин теплоход бор, сув йўлларининг умумий уз. 1000 км га яқин (2002). Халқ хўжалиги юклари, асосан, Термиз — Ҳайратон, Шарлавуқ — Тўрткўл, Хўжайли — Тўрткўл, Хўжайли — Беруний, ҚоратовТахиатош йўналишларида ташилади.

Вазифасига кўра, Кемалар транспорт, овчилик, саноат-хўжалик, маъмурийхизмат, ҳарбий, и. т. ишларини бажарувчи, кемаларга хизмат кўрсатувчи турларга бўлинади. Транспорт К. сида юк, йўловчиларташилади; овчилик Кемасида кит ва балиқ овланади; саноат-хўжалик Кемасида сув остидаги нефть бурғиланади; хизмат кўрсатувчи Кема шатакка олувчи, брандвахтлар, кабель кемаси, музёрарлар, доклар, сузиб юрувчи маёқ ва б. га бўлинади.

Сузиб юриш ҳудуди ва усули бўйича Кемалар денгизда, ички сувлар ва аралаш сувларда сузиб юрадиган турларга; ўзиюрар (пароходлар, теплоходлар, электроходлар, атомоходлар) ва шатакка олинадиган (баржа, лихтер); ҳаракатланиш усулига кўра, сув ости қанотли, ҳаво ёстиғида ҳаракатланадиган турларга бўлинади.

Кеманинг асосии қисмлари: корпус, қурилмалар (руль, якорь, қайиқни тушириш-кўтариш ва б.), ёнғинга қарши, маиший, сув билан таъминлаш, шамоллатиш, ҳавони мўътадиллаш тизимлари, энергетик қурилмалар, ҳаракатлантиргич. Кема навигация асбоблари, алоқа воситалари билан ҳам жиҳозланади. Денгизда сузиш Кеманинг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Фойдаланиш-техник кўрсаткичлари — ҳаракат тезлиги, сузиш узоклиги, пухталиги, сув сиғими, юк кўтарувчанлиги, йўловчилар сони ва б.

Ҳарбий Кемалар махсус ҳарбий топшириқларни бажариш учун мўлжалланади ва тегишли ҳарбий техника билан қуроллантирилади. Буларга авианосецлар, крейсерлар, қаво мудофааси Кемалари, радиолокация ва дозор К. лари, сув ости Кемалари, қўриқчи Кемалар, Торпедо катерлари, сувга миналар қўювчи ва сувни минасизлантирувчи Кемалар киради. Ҳарбий Кемалар ва уларга ўрнатиладиган жанговар қуроллар янги электрон техника ёрдамида бошқарилади.

Кемани яратишда лойиҳалаш назарияси, қурилиш механикаси, машина ва механизмлар назарияси, материаллар қаршилиги, назарий механика, кемалар ясаш технологияси, кемасозлик иқтисодиёти каби фан ва соҳалардан кенг фойдаланилади. Кема ясаш истиқболи Кемаларни универсаллаштириш ва ихтисослаштириш, Кемалар ясаш технологиясини такомиллаштириш, Кема ларнинг тезлигини, йўловчилар ва юклар ташиш қувватини ошириш, сув ости қанотли ва ҳаво ёстиқли Кемаларни кўпроқ қуриш ва б. га йўналтирилган. Айниқса, сайёҳлик Кема ларининг қулайлигини оширишга катта эътибор берилмокда, чунки авиация ва т. й. транспортида фалокатларнинг кўпайганлиги Кема сайёҳлиги тараққиётига йўл очиб берди

Prev Article

КЕЛЬЦЕ

Next Article

КЕМБРИЖ