КЕМИРУВЧИЛАР

КЕМИРУВЧИЛАР (Rodentia) – сут эмизувчилар синфига мансуб ҳайвонлар туркуми. 1600, баъзи маълумотларга кўра 2000 га яқин тури маълум. Танаси ғўласимон, уз. 5-130 см. Кўпчилик Кемирувчиларнинг оёғида ер кавлашга мослашган тирноқлари бор. Боши узунчоқ, тепаси ясси. Кўзи туртиб чиққан, баъзиларида эса ривожланмаган (мас, кўрсичқонларда). Лабида қилсимон мўйлови бор. Қозиқ тишлари кўриниб туради. Баъзи Кемирувчилар (нутрия, ондатра ва б.)нинг мўйнаси саноат аҳамиятига эга. Кемирувчиларнинг кўпчилиги қ. х. зараркунандасидир. Ўрта Осиёда учрайдиган энг йирик Кемирувчилар: жайра (Hystrixhirsu tirostus Вг.); сариқ юмронқозиқ (Citellus falvus oxianus Thorns.) — беда экинига, даладаги ғаллага, токзорларга, мевали боғларга зарар келтиради ва ўлат касаллигини тарқатади. Териси қадрланади. Ўрта Осиёнинг текислик қисмида тарқалган. Танаси 30 см ча; ранги қумсимон сариққорамтир аралаш. Даштларда яшайди. Мавсумда бир марта кўпайиб, 6—8 бола туғади; қадимги юмронқозиқ (Citellus relectus Kaschk.) — қир-адирлардаги буғдой, арпа экинларини шикастлайди. Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида тарқалган. Танаси 22 см ча; 4 тагача бола туғади; Туркистон олмахони (Dyromus nitedula angelus Thorns.) — ўрик ва б. мевали дарахтларга зарар келтиради. Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг тоғли ҳудудларида тарқалган. Танаси 10 см ча. Мавсумда 1—3 марта 2—6 тадан бола туғади; кичик қўшоёқ (Allactaga elater Zicht.) ғалла ва б. экинларни зарарлайди. Ўрта Осиё, Жан. ва Марказий Қозоғистон ва б. жойларда тарқалган. Катталиги 9,5—11,5 см. Орқа оёқлари олдингисидан анчагина узун. Чўл ва яримчўлларда яшайди. Тунда фаол; кузда уйқуга киради. Йилда уч марта урчийди; Туркистон каламуши (Rattus turkestanicus satun) — Ўрта Осиё ва Қозоғистонда тарқалган. Омбор маҳсулотларига зарар келтиради; ўлат касаллигини тарқатиши мумкин. Танаси 20 см ча. Усти қўнғиркулранг, қорин томони сарғиш-оқ. Йилда бир неча марта урчиб, 8—10 бола туғади; пластинка тишли каламуш (Wesokiaindica Gray.) — беда, ғалла, шоли, буғдой, маккажўхори, полиз экинлари, баъзан ғўза ҳамда дарахтларни шикастлайди. Ўзбекистоннинг жан. қисми, Туркманистон, Тожикистон ва б. мамлакатларда тарқалган. Кулрангдан малла тусгача. Аҳоли пунктларига яқин ерларда, ариқ ва дарё қирғоқларида тарқалган. Тўда бўлиб яшайди; Север цо в сичқони (Musmusculus severtrovi Kaschk.) — уй зараркунандаси. Озиқ-овқат маҳсулотлари, тери, китобларга зарар келтиради. Танаси 9—10 см. Усти қўнғир кулранг, қорин қисми оқ; кўрсичқонлар (Ellobius talpinus Pall.) — беда ва б. экинларни зарарлайди. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Закавказье ва б. ҳудудларда тарқалган. Танаси 9—12 см. Усти сарғиш жигарранг, баъзан қўнғир. Ўсимлик қоплами қалин жойларда тарқалган. Ер остида яшайди. Қишки уйқуга кирмайди. Мавсумда 3 марта урчийди; жамоатчи дала сичқон (Mikrotus socialis Pall.) — баъзан буғдой, арпа, картошкани шикастлайди. Жан. Қозоғистондаги тоғ олди ерлари ҳамда тоғларда, Қирғизистон, Жан. Туркманистон ва б. ерларда учрайди. Катталиги 9—11 см; сарғимтир қўнгир, қорин томони оқ. Эверсман қумсичқони ёки қизилдум қумсичқон (Pallasiomys erythrourus ssp. eversmanni Bagd.) — Ўрта Осиёдаги хавфли кемирувчи зараркунандалардан, ғўза, буғдой, полиз экинларини зарарлайди. Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг баъзи ҳудудларида тарқалган. Танаси 15 см ча. Усти кулранг-сарғиш, қорин томони оқ. Йил бўйи фаол ҳаёт кечиради. Йилига 3—4 марта урчийди; катта қумсичқон (Rhombomys opimus Zicht.) — суғориш каналлари қирғоқларини, яйлов ва б. ни шикастлайди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон чўлларида тарқалган. Танаси 17—20 см. Усти малла сарғиш, қорин томони оқиш. Тўда бўлиб яшайди; қишки уйқуга кирмайди. Кундузи фаол.

Кураш чоралари: механик ва физик ҳимоя усулларини қўллаш (яна қ. Омбор зараркунандалари).

Ад.: Яхонтов В. В., Вредители сельскохозяйственных растений и продуктов Средней Азии и борьба с ними, Т., 1953; Никифоров Н. И., Меры борьбы с грызунами, М., 1987.