КЕРБОБОЕВ Берди Муродович [1894.3(15).3, Тажан тумани ҚавқиЗаранг қишлоғи — 1974.5.3, Ашхобод] — Туркманистон халқ ёзувчиси (1967), замонавий туркман адабиёти асосчиларидан. Туркманистон ФА акад. (1951). Бухородаги мадрасада таҳсил олган, Ленинград ун-ти шарқ ф-тида ўқиган (1927-28). Илк ҳажвий шеърлари 1925 й. да «Туркманистон» газ. ва «Токмак» («Тўқмоқ») жур. да босилган. Дастлабки достонлари («Янги турмушга», 1928; «Амударё», 1931), ҳикоя ва очерклари («Марал», 1937), қиссалари («Байрам», 1934; «Ботир», 1935) ва драматик асарлари («Ҳурлиқо ва Ҳамро», 1940 ва б.) туркман адабиёти тараққиётига таъсир кўрсатган. «Қурбон Дурди» қиссаси (1942), «Ойлар» достони (1943), «Ватанга муҳаббат» (1941), «Қардошлар» (1943) каби саҳна асарларида 2-жаҳон урушида босқинчиларга қарши кураш ва туркман халқининг мамлакат ичкарисидаги меҳнати акс этган. «Дадил қадам» (1—3-китоблар, 1940—55) да туркман халқининг ўтмиши, ҳаёти, кураши, руҳий кечинмалари тасвирланган. «Ойсултон» қиссаси (1949) туркман пахтакорларига бағишланган, «Небитдоғ» романи (1957) нефтчилар фаолияти ва ҳаёти ҳақида.
К. Навоий, Ҳамза, Абдулла Қодирий ва б. ижодидан илҳомланган. Ойбек, Ғафур Ғулом ва б. нинг айрим асарларини туркманчага таржима қилган. Кербобоевнинг деярли барча йирик асарлари ўзбек тилида нашр қилинган. «Махтумқули» драмаси (1943; Яшин таржимасида) саҳналаштирилган.
Ас: Дадил қадам (роман), Т., 1951; Ойсултон, (қисса),Т., 1958; Небитдоғ (роман), Т., 1963; Туркманистон баҳори (шеърлар), Т., 1974.
Ад.: Иноғомов Р., Адабий қардошлик тароналари, Т., 1972; Қурбонбоев Кербобоев, Ўзбек—туркман адабий алоқалари, Т., 1974.