КЕШ

КЕШ (араб, манбаларида Кашш, Касс, Кисе) — тарихий шаҳар ва вилоят. Ҳоз. Қашқадарё вилоятининг шим.шарқий қисмини эгаллаган. Дастлаб Кеш Китоб ўрнида бўлган, кейин 9—10-а. ларда Шаҳрисабз ҳудудига кўчган. Кеш номининг хитойча транскрипцияси 1-марта 7-а. га оид хитой ёзма манбаларида Цюйша шаклида учрайди. Унинг суғд тилидаги номи эса 7-а. охири — 8-а. бошларида ҳукмдорлик қилган Кеш ҳокими Ахурпат тангаларида ҳамда 8-а. ўрталарида Кешни идора қилган ҳоким Ихшиднинг дастлабки арабча фале (танга) ларида илк бор зикр этилган. «Кеш» атамасининг келиб чиқиши Қашқа-Қашқруд номи билан боғлиқбўлиши мумкин. Бошқа бир фикрга кўра (А. Муҳаммаджонов), «Кеш» топонимининг маъноси илк бор — уй, қишлоқ, шаҳар, пойтахт, вилоят, эл-юрт, диёр, ҳатто «Кишвар» шаклида эса мамлакат ва Ватан каби маъноларни англатган. Хитой ёзма манбаларида қайд этилишича, ҳоким Дигжа (Дичже) (6-а. охири — 7-а. бошлари) Кешга асос солган бўлиб, ўша вақтда шаҳар айланаси 1 км га етган. Араб тарихчиси Яъқубийншпт ёзишича, Кеш мил. 7-а. ўрталарида юксалиб, Суғднинг бош шахрига айланган. Кеш бу даврда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, маданият юксак ривожланган шаҳарга айланиб арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Ички шаҳар мудофаа девори ва 4 дарвозага эга эди. 6-а. да аркнинг ғарбий қисмида шаҳар ҳокими Дигжа томонидан янги қароргоҳга асос солинган. 7-а. охири — 8-а. нинг 1-ярмида Кешни араблар бир неча бор фатҳ этган. 751 й. да Кеш ҳукмдори Ихрид Хуросон ноиби Абу Муслим буйруғи билан қатл қилинган бўлиб, ат-Табарийнинг гувоҳлик беришича, араблар Кешда катта ўлжани қўлга киритганлар. 775-776 й. ларда Кеш вилояти Муқанна қўзғолонинмнг асосий марказларидан бири бўлган. Сомонийлар даврида Кеш ҳудуди эни ва бўйига 1/3 фарсах (2 км га яқин) майд. ни ташкил этган. Бу вақтда аҳоли К. нинг кўҳандиз ва мадинасини тарк этган бўлиб, ҳаёт фақат унинг рабодида давом этаётганди. Астасекин аҳоли рабодни ҳам тарк этиб, ҳоз. Шаҳрисабз ўрнида янги шаҳарга асос солган. Археологик текширувлар Китоб ўрнидаги Кешнинг айнан шу вақтда барҳам топганлигини исботлади. Кешнинг бундан кейинги тарихи Шаҳрисабз билан боғлиқ бўлиб, бу ном 14-а. да халқонгига узил-кесил ўрнашган. Шундай бўлсада, шаҳарнинг қад. номи талай вақт унинг янги номи билан бир қаторда айтилиб юрган.

Шаҳарда илм-маърифат ривож топиши оқибатида «Коший, Кеший» тахаллуси билан машҳур олим-фозиллар ети-шиб чиққанлиги туфайли Кеш шаҳри «Қуббат ул-илм вал адаб», яъни «Илм ва таълим гумбази» деган сифат билан шуҳрат топган.

Ад.: Бартольд В. В., Сочинения, т. З, М., 1965; Камалиддинов Ш. С., Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX – начала XIII вв., Т., 1996; Крашенинникова Н. И., Прошлое Китаба, Сб.: «Вехи времён», Т., 1989; Равшанов П., Қашқадарё тарихи, Т., 1995; Сагдуллаев А. С, Из истории древнего Кеша, Сб. «Вехи времён», Т., 1989; Қадимги КешШаҳрисабз тарихидан лавҳалар, Т., 1998.

Анатолий Саьдуллаев, Ўктам Мавлонов.

Prev Article

КЕЧУВ

Next Article

КЁЛЬН