КИЕВ

КИЕВУкраина пойтахти (1934 й. дан). Йирик саноат, маданият ва фан маркази, қаҳрамон шаҳар, Киев вилояти маркази. Днепр дарёсидаги порт. Йирик т. й., шоссе ва ҳаво йўллари тугуни. Днепр дарёсининг ўрта оқимида жойлашган. Янв. нинг ўртача т-раси —5,8°, июлники 19,5°, Шаҳар майд. 800 км2. Аҳолиси 2635,3 минг киши (1998).

Ҳоз. Киев худудида бундан бир неча минг йил муқаддам дастлабки манзилгохлар бўлган. «Киев» номи 5-а. охири — 6-а. бошидаги унинг афсонавий асосчиси Кий исми билан боғлиқ. Киев мил. 6—7-а. ларда шарқий славянларнинг полян қабиласи маркази сифатида ташкил топган. 882 й. К. князь Олег қўл остига ўтди ва 1132 й. гача Киев Русининг сиёсий, маданий ва савдо маркази. 1240 й. К. ни мўғуллар забт этди. 1362 й. дан Литва ва Польша таркибида. 1654 й. да Россия империяси таркибига қўшиб олинган.

1917 й. окт. да ҳокимиятни Марказий рада эғаллади. 1918 й. 26 янв. да Киевни кизил армия босиб олди. 1918 й. 1 мартдан Киев аввал немислар, кейин деникинчилар қўл остида бўлди. 1920 й. лардан бошлаб шаҳарнинг саноат жиҳатдан аҳамияти ўса бошлади. 1941 й. сент. да Киевни фашистлар Германияси босиб олди, 1943 й. нояб. да Киев озод этилди. 1990 й. дан мустақил Украина пойтахти.

Машинасозлик, шу жумладан, станоксозлик, транспорт машинасозлиги, аниқ приборсозлик, электротехника ва радиоэлектроника маркази. Енгил (шойи тўқиш, трикотаж, тикувчилик, пойабзал), полиграфия, озиқ-овқат саноати корхоналари бор. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Метрополитен ишлаб турибди (1960 й. дан). Украина ФА, 18 олий ўқув юрти (шу жумладан, ун-т, консерватория), 15 театр (шу жумладан, Украина опера ва балет театри), филармония, қарийб 30 музей (шу жумладан, Т. Г. Шевченконинг адабий-бадиий музейи, тарих, украин тасвирий санъат музейи, рус санъати, ғарб ва шарқ санъати музейлари, халк, меъморлиги ва турмуши музейи, Киев тарихи музейи, археология, халқ безаги санъати музейлари, адабиёт ва санъат архив-музейи, тиббиёт тарихи музейи ва б.), республика стадиони бор.

Киевда София собори (11-а. ; қўнғироқхонаси 17—19-а. лар), Олтин дарвоза (11-а.), Видубецк монастири (II-а.), Спас черкови (11-а. охири — 12а. боши), Кирилл черкови (12-а.), КиевПечера лавраси (12—18-а. лар), Андреев черкови (18-а.), Владимир собори (19-а.) сақланган. 1947—54 й. ларда шаҳар марказий кўчаси ансамбли — Крешчатик барпо этилган. 60—80-й. ларда Русановка, Оболонь ва б. турар жой массивлари вужудга келди. Бабий Ярда ёдгорлик (1976), «1941—45 й. лар уруши тарихи Украина давлат музейи» мемориал мажмуаси (1981) барпо этилди.

Prev Article

КИДОНЛАР

Next Article

КИЗЕРИТ