КИМБЕРЛИТ

КИМБЕРЛИТ (ЖАРдаги Кимберли ш. номидан) — эффузив кўринишдаги ўта асосли брекчиясимон тоғ жинси. Асосан, портлаш трубкаси шаклида учрайди. Кўпинча, пиропли перидотитлардан, баъзан пиропли оливинитлар ва пироксенитлардан таркиб топган. Ранги кўкимтир ва яшилроқ тусли қора. Кимберлитда 2 хил ўзга жинс бўлакчалари (ксенолит) учрайди. Биринчиси, жуда чуқурликдан олиб чиқилган ўтаасос ва асосли тоғ жинслари (пироп — оливинли гипербазитлар, эклогит ва б.), иккинчиси, Ер пусти жинслари (гранит, кристалли сланец, қумтош ва б.). Минерал таркибидаги оливин ва флогопит йирик кристаллар, пироксен, перовскит, магнетит ва пироп майда кристаллар ҳолида учрайди. Пироп олмоснинг генетик йўлдоши, шунинг учун асосий аломати ҳисобланади. Олмос ўзга жинс бўлаклари ва минералларида ҳам бўлади. Кимберлит трубкалари портлашдан пайдо бўлиб, катта чуқурликдан олиб чиқилган (гипабиссал) маҳсулот билан тўлган бўлади. Трубкалар ўлчами бир неча м2 дан минг м2 гача томир, дайка кўринишида учрайди. Олмос пироп билан бирга юқори босимда чуқурликда ҳосил бўлади. Кимберлитнинг минерал ва кимёвий таркиби ҳар хил. Кимберлитнинг нураши туфайли сочилма олмос конлари вужудга келади.

Кимберлит қад. платформаларда тарқалган. Шунингдек, геосинклиналларда ҳам учрайди, 1500 дан ортиқ Кимберлит трубкалари маълум. Шулардан 10% да олмос бор. Олмосли Кимберлит, асосан, ЖАР ва РФ (Саха-Якутия)да учрайди. Шим. Америка, Ҳиндистон, Бразилия, Конго Демократик Республикасида ҳам топилган.

Prev Article

КИМБЕРЛИ

Next Article

КИМВРЛАР