КИМЁ САНОАТИ

КИМЁ САНОАТИоғир саноат тармоқларидан бири, хилма-хил кимёвий маҳсулотлар турлари: кон-кимё хом ашёси, асосий кимё маҳсулотлари (аммиак, ноорганиқ кислоталар, ишқорлар, минерал ўғитлар, сода, хлор ва хлорли маҳсулотлар, суюлтирилган газлар ва б.), пластмасса ва синтетик смолалар, шу жумладан, капролактам, целлюлоза ацетатлари, кимёвий тола ва иплар, пластмасса ва шиша-пластиклардан материаллар ва буюмлар, лок-бўёқ материаллари, синтетик бўёқлар, кимёвий реактивлар, фотокимё маҳсулотлари, маиший кимё товарлари ва б. ни ишлаб чиқаради. Кимё саноатининг мустақил саноат тармоғига айланиши саноат тўнтариши билан боғлиқ. Сульфат кислота и. ч. бўйича дастлабки з-длар 1740 й. да Буюк Британияда (Ричмонд), 1766 й. да Францияда (Руан), 1805 й. да Россияда (Москва губерняси), 1810 й. да Германияда (Лейпциг яқинида) барпо этилган.

Тўқимачилик ва шиша-ойна саноатининг ривожланиши билан сода ишлаб чиқарадиган з-длар қурилди. Бундай корхоналар — сода з-длари Францияда 1793 й. да (Париж яқинида), Буюк Британияда 1823 й. да (Ливерпул), Германияда 1843 й. да (Эльба бўйидаги Шёнебек ш. да), Россияда 1864 й. да (Барнаул)да қурилди. 19-а. ўрталаридан Буюк Британия (1842), Германия (1867), Россия (1892)да сунъий ўгитлар ишлаб чиқарадиган з-длар ишлай бошлади. АҚШда Кимё саноати Европа мамлакатларига нисбатан кечроқ пайдо бўлди, лекин 1913 й. га келиб кимёвий маҳсулотлар и. ч. ҳажми бўйича жаҳонда 1-ўринга чиқиб олди.

Ўзбекистонда тегишли хом ашё манбалари бўлишига қарамай 20-а. нинг 30-й. ларигача Кимё саноати деярли йўқ эди. 1910-й. ларда оҳак куйдириш, ўсимлик бўёғи олиш, олтингугурт и. ч., ишқорий моддалар тайёрлаш, совунгарлик билан шуғулланган бир қанча кичик корхоналар (12 совун з-ди, нефтни ҳайдаш з-ди, 2 бўёқ ф-каси) бўлган.

Замонавий Кимё саноатининг шаклланиши 1932 й. қадимдан олтингугурт қазиб олинган Шўрсув олтингугурт кони (Фарғона водийси)нинг ишга туширилиши билан бошланди. Бу корхона собиқ СССРда ишлаб чиқариладиган олтингугуртнинг 57% ини берган ва Итти-фоқнинг олтингугурт мустақиллигини таъминлашда муҳим роль ўйнади. Кимё саноатининг энг йирик корхонаси Чирчиқ электр кимё кти 1940 й. окт. дан маҳсулот бера бошлади. Шу йили 608,9 т аммиак, 961,7 т кучсиз азот кислотаси ва 930 т аммиак селитраси ишлаб чиқарилди. 1940 й. да республиканинг жами саноат маҳсулоти ҳажмида Кимё саноати ҳиссаси 0,8% ни, Кимё саноатида банд бўлган ишчилар сони саноат ишчиларининг 1% ни ташкил этган, саноат и. ч. фондининг 7,4% К. с. ҳиссасига тўғри келган.

Урушдан кейинги йилларда 1946 й. да Қўқон, 1957 й. да Самарқанд суперфосфат з-длари ишга туширилди ва бу з-длар республика қ. х. нинг фосфорли ўғитларга бўлган эҳтиёжларини таъминлашга хизмат қилди. Бухоро вилоятида Газли газ кони ишга туширилиши билан табиий газдан фойдаланиш асосида 1963 й. да Фарғона азотли ўғитлар з-ди, 1964 й. да Навоийда кимё к-ти ишлай бошлади.

1958—65 й. ларда Олмалиқ конметаллургия кти қошида сульфат кислотаси з-ди, Поп резина оёқ кийимлари з-ди, Янгийўл гидролиз з-ди қурилди. 1965 й. да республикада биринчи марта Фарғона азотли ўғитлар з-дида ғўза баргини тўкишда ишлатиладиган магнит хлорат дефолианти ишлаб чикарила бошлади. Жиззахда пластмасса қувурлар з-ди (1972), 1973 й. да Олмалиқда аммофос ишлаб чиқарадиган йирик корхонанинг 1-навбати ишга туширилди.

20-а. нинг 90-й. лари бошига келиб Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида муҳим ўринни эғаллаган Кимё саноати барпо этилди. 1990 й. да 1762 минг т минерал ўғитлар (100% озиқ модда ҳисоби-да), 154,9 минг т синтетик смолалар ва пластик массалар, 1735,2 минг т синтетик аммиак, 2859 минг т сульфат кислота, 52,6 минг т кимёвий толалар ва иплар, 226,2 минг т синтетик ювиш воситалари ва совун (ёғ кислоталари 40% ҳисобида) ва б. маҳсулотлар ишлаб чикарилди.

1991 й. да республика Кимё саноати корхоналари негизида «Ўзкимёсаноат» концерни ташкил этилди. 1994 й. янв. да концерн «Ўзкимёсаноат» уюшмасига айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 й. 13 мартдаги «Кимё саноатини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ, «Ўзкимёсаноат» очиқ акционерлик жамияти (АЖ) шаклидаги давлат-акциядорлик компанияси ташкил этилди. Республика ҳукумати томонидан Ўзбекистон Кимё саноати корхоналарини ялпи ривожлантиришнинг 23 инвестиция лойиҳаларидан ибо-рат дастури ишлаб чиқилди ва маъқулланди, Кимё саноати корхоналарини ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. «Ўзкимёсаноат» компанияси таркибида 34 та корхона, шу жумладан, 4 қўшма корхона ишлайди (шулардан 22 таси очиқ акциядорлик жамиятлари (АЖ)га айлантирилган) (2002). Уларнинг 20 дан кўпроғи йирик замонавий корхоналардир.

Минерал ўғитлар и. ч. республика Кимё саноатининг асосий тармоқларидан бири. Республикада қ. х. учун зарур бўлган аммофос, аммиак селитраси, аммоний сульфат, суперфосфат, карбамид, суюлтирилган аммиак, шунингдек, самарадор мураккаб азотли ва фосфорли ўғитларни и. ч. йўлга қўйилган. «Электркимёсаноат» АЖ (Чирчиқ), Фарғона «Азот» и. ч. бирлашмаси асосий турдаги азотли ўғитлар, «Қўқон суперфосфат з-ди» АЖ, Самарқанд кимё з-ди, Олмалиқ «Аммофос» АЖда аммофос, оддий ва аммонийлашган суперфосфат, қумоқ аммфос каби фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарилади. Республика Кимё саноати корхоналари бир йидда 2,8 млн. т азотли, 1,25 млн. т фосфорли ўғитлар и. ч. қувватларига эга. Кимё саноати еда минерал ўғитлар и. ч. ҳажми республика қ. х. эҳтиёжларини тўла таъминлаши б-н бирга уларнинг бир қисми четга ҳам чиқарилади.

Сульфат кислотаси Кимё саноати тармоқлари учун муҳим хом ашёдир. Республикада сульфат кислота ишлаб чиқарадиган йирик қувватлар Олмалиқ «Аммофос» АЖ, Самарқанд кимё з-ди, Навоий кон-металлургия к-ти, Олмалиқ конметаллургия к-тида барпо этилган.

Сода саноатининг Марказий Осиё мамлакатларида ягона бўлган корхонаси — Қўнғирот сода з-ди қурилиши 1995 й. дан бошланди (йиллик лойиҳа қуввати 210 минг т сода) ва 2004 й. да ишга туширилади.

Ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари (дефолиант, десикат, гербицид, инсектицид, фўнгицидлар) Фарғона «Азот» ишлаб чиқариш бирлашмасида (1965 й. дан, магний хлорат дефолианти), Навоий «Электрокимё з-ди» АЖ (1960 й. дан, гербицидлар — нитран, которая, бронотак, инсектицидлар — фозалон, трефлан ва б.) ишлаб чиқарилади. Республика қ. х. да ўсимликларни касаллик ва зараркундалардан кимёвий ҳимоя қилишда кўлланиладиган олтингугурт кукуни Шўрсув кон-кимё корхонасида ҳамда Муборак ва Шўртан газ комплексларада ишлаб чиқарилади.

Кимёвий толалар ва иплар хилма-хил халқ истеъмоли товарлари и. ч. да кенг қўлланилади. Чирчиқ «Электркимёсаноат» АЖда капролактам (1980 й. дан, йиллик қуввати 70 минг т), Фарғона кимёвий толалар з-ди (1959)да ацетат иплар, «Навоийазот» АЖда акрил толалари (1974 й. дан; йиллик қуввати 23 минг т дан кўпроқ), Фарғона «Азот» ишлаб чиқариш бирлашмасида целлюлоза ацетати (йиллик қуввати 42 минг т) ишлаб чиқарилади. Фарғона фуран бирикмалари з-ди (1946)да целлюлоза мустақиллигини таъминлаш бўйича пахта линтидан целлюлоза и. ч. га ихтисослашган қувватлар барпо этилган. Фарғона кимёвий толалар з-дида капролактамни қайта ишлаб, капрон ва иплар тайёрлашга имкон берадиган қувватлар бор.

Кимё саноатида гидролиз корхоналари 2-жаҳон урушидан кейинги йиллардан қурила бошлади. Фарғона фуран бирикмалари (1946), Янгийўл биокимё (1952), Андижон гидролиз (1953) з-дларида асосий хом ашё — чигит шулхаси, шоли қобиғидан техник этил спирти, фурфурол, озуқа ачитқилари (хамиртуруш), фурил спирти, ксилит, лапрол ва б. маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 90-й. лар бошидан бу корхоналарда ғалладан озиқовқат (этил) спирти и. ч. ўзлаштирилди: «Андижон биокимё з-ди» АЖ (собиқ гидролиз з-ди) да йиллик қуввати 915 минг дал (1994), «Қўқонспирт» АЖда 1800 минг дал (1995) ва «Янгийўл биокимё з-ди» АЖда 915 минг дал (1996) этил спирти ишлаб чиқарадиган янги қувватлар ишга туширилди. Натижада озиқ-овқат, тиббиёт, атир-упа ва б. саноат тармокларини республиканинг ўзида ишлаб чикарилган спирт билан таъминлаш имконияти яратилди. Бу корхоналарда йилига 4 минг т га яқин карбон кислоталари ҳам ишлаб чиқарилади. «Андижон биокимё з-ди» АЖда 1992 й. дан қуруқ хлорелла биомассасини тайерлаш йўлга қўйилган.

Резина маҳсулотлари Ангрен «Резинатехника» АЖ (1975)да ишлаб чиқарилади. Илгари, асосан, резина маҳсулотлари и. ч. га ихтисослашган «Резинатехника» АЖ 1987 й. дан халқ истеъмоли товарлари и. ч. га ўтди. 1992 й. дан бирлашмада енгил автомобиль шиналарини тайерлаш ўзлаштирилди. 1996 й. дан йилига енгил автомобиллар учун 1,5 млн. дона, юк автомобиллари учун 200 минг дона шина ишлаб чиқарадиган қувватлар ишга туширилди.

Республикада пластмасса ва пропилен маҳсулотлар ини қайта ишловчи (Оҳангарон «Сантехлит», «Жиззахпластмасса» АЖ), турли маркадагилок – бўёқ маҳсулотлари («Тошкент лок-бўёқ з-ди» АЖ, 1946), мебель саноати учун синтетик смолалар (Фарғона фуран бирикмалари з-ди), маиший кимё товарлари [«Маиший кимё» АЖ (Тошкент ш.,), 1987; Олмалиқ маиший кимё з-ди, 1971 (ҳоз. Россиядаги «Калина» концернининг «Паллада-Восток» шўъба корхонаси); Тошкент ёғ-мой кти таркибида синтетик ювиш воситалари з-ди, 1971] ишлаб чикарадиган корхоналар ишлайди.

2000 й. да республика саноати маҳсулотлари умумий ҳажмида Кимё саноати (нефть кимёси саноати билан бирга) ҳиссаси 6,1 % ни ташкил этди. 832 минг т минерал ўғитлар (100% озик, модда ҳисобида), 15 минг т синтетик смолалар ва пластик массалар, 14,7 минг т кимёвий тола ва иплар, 985 минг т синтетик аммиак, 823,4 минг т сульфат кислота, 287 минг т олтингугурт ва б. махсулотлар ишлаб чиқарилди.

Чет мамлакатлардан АҚШ, Япония, ГФР, Франция, Буюк Британия ва Италия, Россия кимёвий маҳсулотлар и. ч. бўйича етакчи ўринларда туради. Жаҳон бўйича Кимё саноати ишлаб чиқаришнинг 3/4 қисми шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. 60-й. лардан бошлаб Япония ва Германия Кимё саноати жадал ривожланди.

Ли.: Кадыров В., Становление химии в Республике Ўзбекистон, Т., 1995.

Ўрин Ҳасанов, Нуриддин Мусаев.

Loading...