КИМЁТЕРАПИЯ

КИМЁТЕРАПИЯ, кимёвий усул билан даволаш — хавфли ўсмаларга қарши таъсир этиш хусусиятига эга дори воситалари билан даволаш. Бу усул бундан 50 йил аввал олимлар томонидан кашф этилган; унда азотипритнинг баъзи фармакологик моддалари тез ўсувчи ҳужайраларга таъсир этиши ва қон и. ч. аъзоларининг хавфли ўсмасида қўллаш мумкинлиги баён этилган. Кейинчалик шу асосда Кимётерапияда қўлланиладиган дорилар ишлаб чиқарила бошланди.

Кимётерапияда қўлланиладиган дори воситалари фармакологик хусусиятига кўра, жадал ўсаётган ҳужайраларнинг ривожланиши ва кўпайишини жиловлаш ва издан чиқариш, шунингдек, ДНК, РНК ёки тегишли оқсиллар синтезини тўхтатиш, яъни цитостатик таъсирга эга. 50 дан ортиқ бундай табиий ва сунъий (синтетик) препаратлар: алкилловчилар (эмбихин, хлорбутин, циклофосфан, ифосфамид, проспидин, сарколизин ва ҳ. к.), антиметаболитлар (метотрексат, фторурацил, фторафур, капецитабинкселода, гемзар ва б.), хавфли ўсмага қарши қўлланиладиган антибиотиклар (дактиномицин, рубомицин, доксорубицин, адриамицин, блеомицин ва б.), доривор ўсимликлардан ажратиб олинган винбластин, винкристин, навельбин, таксол, таксотер, топотекан, иринотекан, этопозид ва б. дорилар ҳамда гормонлар ишлатилади.

Қон яратиш аъзолари ва лимфа тугунлари хавфли ўсмаси (гемобластоз, лимфома) рак (саратон) касаллигининг тарқалган хилларида Кимётерапия асосий даволаш усули ҳисобланади. Саратон касаллигининг ўчокли (тарқалмаган) ҳолатларида кейинги йилларда янги таъсирчан препаратлар (таксол, навельбин, гемзар, цисплатин) ишлаб чиқарилиши туфайли Кимётерапияни комплекс даволаш таркибига киритиш мумкин, мас, хирургик усулдан олдин (неоадъювант) ёки ундан кейин касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида профилактик (адъювинт) Кимётерапия қўлланилади.

Айрим хавфли ўсма касалликларида (бачадон хориокарциномаси, болаларда учрайдиган лимфобластелойкоз, лимфогранулематоз) К. яхши наф бериши ва бемор соғайиб кетиши мумкин.

Айрим хавфли ўсмалар (буйрак, меъда ости бези раки) кимёвий дориларга нисбатан кам сезгирлиги сабабли Кимётерапияда қўлланиладиган дорининг даволи хусусияти тегишли баҳолаш даражадари билан белгиланади.

Баъзан Кимётерапиядан сўнг айрим нохуш асоратлар кузатилади, лекин кейинчалик бу ҳолат ўз-ўзидан йўқолиб кетиши мумкин.