КИМЁВИЙ МУВОЗАНАТ

КИМЁВИЙ МУВОЗАНАТ — тўғри ва тескари реакциялар тезлиги тенглашган ҳолат. Mac, N2+3H2 p±2NH3 реакциясида азотнинг водород билан бирикиш (тўғри реакция) тезлиги аммиакнинг азот ва водородга парчаланиш (тескари реакция) тезлигига тенг. Кимёвий мувозанат содир бўлганда реакция гўёки тўхтаб қолгандек кўринади, аслида иккала реакция ҳам давом этади, бироқ бу реакцияларнинг бири иккинчисининг натижасини йўққа чиқаради. Моҳиятига кўра, Кимёвий мувозанат динамик мувозанатдир. Ўзгармас муҳит (кислотали ёки асосли) ва шароитда (т-ра, босим) реакцияга киришаётган моддалар концентрациясининг ўзгармаслиги Кимёвий мувозанатнинг муҳим белгисидир. Кимёвий мувозанатни ўрганиш назарий тадқиқотлар ва турли амалий масалаларни ҳал қилишда катта аҳамиятга эга.