
КИМЁВИЙ ТОЛАЛАР
КИМЁВИЙ ТОЛАЛАР — табиий ва синтетик полимерлардан олинадиган толалар. Дастлабки хом ашёга қараб синтетик (синтетик полимерлардан олинадиган, мас, полиамид, полиакрилонитрил толалар) ва сунъий (табиий полимерлардан, мас, целлюлоза ва унинг эфирларидан олинадиган толалар) турларга бўлинади. Анорганиқ бирикмалардан олинадиган толалар (шиша, базальт, кварц толалари) ни ҳам баъзан Кимёвий толаларга қўшишади. Саноатда ишлаб чиқариладиган Кимёвий толалар турлари: 1) узун якка тола;
2) штапель тола (ингичка толаларнинг калта бўлаклари); 3) филамент иплар (бир талай ингичка ва жуда узун толаларнинг эшилган тутами). Кимёвий толалар қандай мақсад учун ишлатилишига қараб тўқимачилик ва техника ипларига бўлинади. Уларнинг кўпчилиги пишиқ, ғижимланмайди, ёруғлик, намлик, замбуруғлар, бактериялар, кимёвий моддалар ва иссиқ таъсирига чидамли. Кимёвий толаларни табиий толаларга аралаштириб ишлатиш мумкин. Кимёвий толалар ишлаб чиқариш учун эластик ва узун, тармоқсиз ёки кам тармокланган, макромолекула ҳосил қилувчи полимерлар ишлатилади. Бу толалар етарлича катта молекуляр массага эга бўлиб, эритилганда ва қиздирилганда парчаланмасдан суюқланади. Кимёвий толаларни ишлаб чиқариш жараёни: йигириладиган эритмалар тайёрлаш; тола олиш ва толага шакл бериш; толани пардозлашдан иборат. Кимёвий толалар арзонлиги ва сифати (механиқ хоссалари: мустаҳкамлиги, эластиклиги, ейилиши, киришимлиги) табиий толаларга нисбатан яхши бўлгани учун тобора кўп ишлаб чиқарилади. 1990 й. да бутун дунёда тайёрланган табиий толаларга нисбатан 1,5 баробар кўп миқдорда (26 млн. т га яқин) Кимёвий толалар ишлаб чиқарилган бўлса, 2000 й. да табиий толаларга нисбатан 2,5 баробар кўп микдорда (45—50 млн. т) Кимёвий толалар ишлаб чиқарилди. Кимёвий толалар турли соҳаларда табиий ипак, зиғир толаси, жун ўрнида, газмоллар, трикотаж, қўлқоп ва пайпоқлар, гиламлар, арқонлар, махсус иш кийимлари и. ч. да табиий толалар билан бирга ишлатилади. Ўзбекистонда «Навоий Азот» з-дида нитрон тола. Фарғона кимёвий толалар з-дида ацетат тола ва техник мақсадлар учун капрон тола ишлаб чиқарилади.
Абдушукур Саримсоқов.